Халқ демократик партиясининг 35 йиллик тараққиёт йўли
Бу йил Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганига 35 йил тўлди. Шу муносабат билан партия ташкилотларида 35 йиллик байрам тадбирлари ташкил этилди.
Хусусан, партия Марказий Кенгашида ўтказилган тантанали тадбирда партия фаоллари, депутатлар, фахрийлар ва ёшлар иштирок этиб, партиянинг 35 йиллик тарихий ривожланиш босқичларини эътироф этдилар.
— 35 йиллик тарих келажак тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор, бой сиёсий тажриба ва улкан масъулият мактаби бўлди, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси У.Иноятов. — Ўтган йиллар давомида партиямиз мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муносиб ўрин эгаллади. Ижтимоий давлат тамойилларини қарор топтириш ҳамда демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнларига салмоқли ҳисса қўшиб келинмоқда. Келгусида ҳам ўз ғоя ва қадриятларимизга содиқ, замон талаблари билан ҳамнафас бўлиб, халқ билан мулоқотни янада кучайтириш, инсон қадрини улуғлаш, имкониятлар тенглигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қатъият билан давом эттиришимиз лозим.
Тадбирда партия фахрийлари сўз олиб, жамоа билан ҳамжиҳатликда амалга оширилган ташаббуслар ва эришилган натижалар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Бугун мамлакатимиз ривожи, халқимиз фаровонлиги йўлида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг қўшаётган ҳиссасига урғу бердилар.

Тадбир давомида партия тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик фидокорона меҳнати учун бир гуруҳ фахрий ва фаолларга «Ўзбекистон Халқ демократик партияси ифтихори» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Қайд этилганидек, ушбу эътироф партиянинг шаклланиши ва ривожланишида ўз меҳнати, билим ва тажрибаси билан из қолдирган, шунингдек, бугунги ижтимоий-сиёсий майдонда партия ғояларини кенг жамоатчиликка етказишда муносиб ҳисса қўшаётганларга юксак ҳурмат ифодаси бўлди.
М.Комилова, ЎзА