Халқ дарди билан яшайдиган журналист
Таниқли журналист Ҳулкар Тўйманова – таълим, ижтимоий ҳаётни теран англайдиган, мудом халқ дарди, одамларнинг ўй-ташвишлари билан яшайдиган фаол журналист, маҳоратли адиба.
Ҳулкар опани доим шогирдлари қуршовида ёки бирон долзарб мавзу устида тинимсиз изланиб юрганини кўриш мумкин. Чин ижодкор аслида ҳам шунда бўлиши керак эмасми!
Ҳулкар Тўйманова 1962 йилнинг 14 августида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида зиёли оиласида туғилган. 1980 йилда Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетида таҳсил олиб, туман “Истиқбол сари” газетасида адабий ходим бўлиб фаолият юритган.
1986 йилда ўқишни тамомлаб, “Ёшлар овози” газетасида меҳнат фаолиятини давом эттирган. Кейинчалик Маориф вазирлиги муассислигида чоп этиладиган “Ўқитувчилар газетаси” (ҳозирги “Маърифат”) таҳририятида адабий ходим лавозимига ишга қабул қилиниб, бу даргоҳда 2019 йил март ойига қадар меҳнат қилди.
Журналист “Нуроний”, “Кексалик гашти”, “Маҳалла” газеталарида ижод қилди.
Ҳулкар Тўйманованинг таҳлилий материаллари долзарблиги, жамият ҳаётидаги муаммоларни дадил олиб чиқилгани, ушбу масалалар ечимига кенг жамоатчилик алоҳида эътиборини қарата олгани билан диққатга сазовор.
Ижодкор 2021 йил февраль ойидан эътиборан “Гулистон” ва “Театр” журналлари бирлашган таҳририятида ишлаб келмоқда.
2008 йили “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловида устоз-шогирд анъаналарига бағишланган туркум мақолалари учун босма нашрлар бўйича биринчи ўринга сазовор бўлди.
Ҳулкар Тўйманованинг кўп йиллик самарали меҳнатлари юксак қадрланиб, 2009 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланди.
2012 йил унинг “Хислат” рукни остидаги туркум мақолалари “Олтин қалам” халқаро миллий мукофотида босма нашрлар бўйича учинчи ўринга муносиб топилди. Ҳулкар опа “Нуроний” жамғармаси томонидан таъсис этилган биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига сазовор бўлди.
Узоқ йиллик ижодий фаолияти давомида бадиий адабиёт ва публицистика йўналишида бир неча китоблари нашр этилган. “Чангда қолган гул”, “Яхши тилакларга бешикдир дунё”, “Асал ойи”, ”Еру осмон ўртасида”, “Ўзбекона хислат” шулар жумласидан.
Ижодкор жамиятдаги муаммоларнинг илдизини, асл моҳиятини, кишилик муносабатларидаги кўзга кўринмас нозик жиҳатларни, қаҳрамонларининг ички дунёсини катта маҳорат, теран психологик таҳлил асосида очиб бериши эътиборга молик.
"Янги Ўзбекистон", "Халқ сўзи", "Ишонч", "Ҳуррият", "Ватанпарвар", "Саодат", "Гулистон" нашрларида Ҳулкар опанинг ижтимоий-сиёсий мавзудаги долзарб мақолалари мунтазам равишда чоп этилмоқда.
Ёшларга ибрат бўлишга арзигулик тиниб-тинчимас, жонкуяр ижодкор Ҳулкар опамизга илҳом завқи, ижод ва изланишдан тўхтамасликни тилаб қоламиз!
Н.Усмонова, ЎзА