Ҳалим Саидов: “Туркистон даҳоси”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Таниқли олим, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори, жадидчилик ҳаракати намояндалари фаолиятини чуқур ўрганган мутахассис Ҳалим Саидовнинг “Туркистон даҳоси” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китоб улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланади.
“Сукут сақлаб юраверсак, беш-ўн йилдан кейин янада нодонроқ бўлиб қоламиз, хор бўламиз. Шунинг учун ҳам жим юришимиз етар! Диний мадраса ва мактабларимизни ислоҳ этайлик!”
Муаллиф XX аср аввалида ана шундай қутлуғ шиор билан кураш майдонига чиққан жадид боболаримиз карвонбошиси, миллат озодлиги йўлида жонини қурбон қилган буюк арбоб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мураккаб ва шонли ҳаёт йўлини батафсил ёритган.
Беҳбудий ким эди?
Нега у юз йилликлар давомида Туркистонда амал қилиб келган мадраса ва мактабларни ислоҳ қилишдек хатарли ишга бел боғлади?
Нега ўзининг ва дўстларининг ҳаётини хавф остига қўйди?
Бунга қандай зарурат бор эди?..
Китоб билан танишиб бораркансиз, бу саволларга жавоб оласиз.
Дебочада муаллиф жадидлар ҳаёти билан қандай қизиқиб қолганини ёзади:
– Бобомиз раҳматли боғбонлигу деҳқончиликдан холи вақтларида атрофдаги қишлоқлар аҳолиси келтириб берган арабий алифбодаги ҳилвираган китобларни тузатишга киришардилар. Баъзида тушиб қолган варақ ўрнига янгисини қўлда ёзиб жойига тикардилар, йиртилган бўлса, елим билан ёпиштириб, тузатардилар. Имомлик қилмасдилар, лекин ислом арконларини яхши билганлари учун одамлар турли масалаларда маслаҳат сўраб келишарди (шу боис ҳам КГБнинг рўйхатида турганларини кейин билдик). Араб ёзувини биз набираларига ҳам ўргатардилар. Муаллими соний, Ҳафтияк, Чоркитоб...
Бироз саводимиз чиққач, ертўлага сақланадиган китоблар тахламини титкилашга тушдик. Шунда илк бор “Ойина” журнали қўлимизга тушган. Ҳижжалаб муҳаррир ва ношири Маҳмудхўжа Беҳбудий эканлигини билганмиз. Арабий алифбодаги “Кўзгу”, “Миръот”, шунингдек, “Зеркало” деган эски кириллдаги ёзувлар ҳам ёдда қолган. Болалик қизиқишлари сабаб бобомиздан бу муқовасиз рисолда ҳақида сўраганимизда:
– Ертўладагиларни эмас, қўлингизга берилган китобларни ўқинглар, – деган хавотирли оҳангда бўлса-да, беозор танбеҳ эшитганмиз.
Шундан кейин ертўладаги китоб ва журналлар “ғойиб” бўлди”...
Аммо муаллифнинг қалбига тушган учқун аланга оларди. Китобда буларнинг барчаси очиқ-ойдин ёзилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий нималарни истаган эди, унинг хатарларга тўла фожиавий ҳаёт ва кураш йўли қандай кечди, деган саволларга асосли жавоблар оласиз.
Ҳалим Саидов ушбу китобда нафақат Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг издошлари – жадидлар ҳаракати, фожиасини кўрсатади, балки ўша пайтда Туркистонда ҳукм сурган реал ижтимоий ҳолатни ҳам тасвирлаб беради.
Жадидлар ҳаётига бағишланган ушбу нодир китоб – “Туркистон даҳоси”ни, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА