Ҳакамлар академияси тингловчиларига муҳим тавсиялар берилди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳамда ЎФА президенти маслаҳатчилари Аваз Азизхўжаев ва Бахтиёр Абдуллаев Ҳакамлар академияси тингловчилари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида мамлакатимизда профессионал ҳакамларни тайёрлаш, ёш ҳакамларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Тингловчиларга ҳакамлик катта масъулият ва машаққатли меҳнат талаб қиладиган фаолият экани, бу йўлда ҳалоллик, интизом, жасорат ва фидойилик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шунингдек, замонавий ҳакамдан ўйин қоидаларини мукаммал билиш, чет тилларини ўрганиш, жисмоний тайёргарликни юқори даражада сақлаш ҳамда ўз устида мунтазам ишлаш талаб этилиши қайд этилди. Ёш ҳакамларнинг профессионал ва халқаро даражада фаолият юритишлари учун зарур шароитлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон футбол ассоциациясининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида урғуланди.
Учрашув якунида тингловчилар келгусида ўзбек футболи тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган малакали ҳакамлар бўлиб етишишига ишонч билдирилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА