Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво кескин совуши кутилмоқда
Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, бугун республиканинг барча ҳудудларида қуруқ, шамолсиз ва нисбатан илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Куннинг ўртасига келиб, ҳаво 15-17 даражагача исийди. Шунингдек, қулай об-ҳаво мамлакатимиз аҳолисини ҳафта ўртасигача қувонтиради.
Пайшанба куни Ўзбекистон бўйича об-ҳаво кескин ўзгаради. Мамлакатимизга Урал ҳудудларидан совуқ ва бироз нам антициклон кириб келади. 4 ноябрда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Тоғли ҳудудларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Республика шимолида ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ҳаво ҳарорати 3-8 даража илиққача пасаяди, ой боши учун бўлган меъёрий қийматлардан 12-15 даражагача паст бўлади. Баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
5 ноябрда совуқ антициклон мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ёғингарчилик фақат айрим тоғли ҳудудларда сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечаси 3-5 даража совуқгача, шимолда 7-10 даражга совуқгача пасаяди, кундуз куни ҳарорат 3-8 даража илиқдан ошмайди.