Ғузор туманида катта байрам, тантана
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида туман меҳнаткашларининг 2020 йилги қишлоқ хўжалик мавсумининг муваффақиятли якунига бағишланган “Ҳосил байрами” ва ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган маданий тадбир ўтказилди.
Тадбирда туманнинг барча ҳудудларидан деҳқон ва фермерлар, чорвадор ва боғбонлар, қишлоқ хўжалик корхоналари вакиллари, дала заҳматкашларига камарбаста бўлган теримчилар ва азми қатъий ёшлар иштирок этди.

Ўзига хос байрам тусини олган тадбир қишлоқ хўжалиги техникалари карвони билан бошланди. Карвон бир неча йиллик орзуларнинг ушалишини ривоят қилганча бутун туман марказини кезиб чиқди. Дарҳақиқат, бу йил ғузорлик миришкор деҳқонларнинг кўп йиллик орзулари рўёбга чиқди. Улар давлатга 25 минг 300 тоннадан ортиқ дон сотди. 16 минг 337 тонна пахта, 95 тонна кумуш тола етиштиришга эришилди. Барча соҳаларда кўзланган режаларни бу тахлит адо этиш бундан 18 йил илгари кузатилган эди.
Ғузор туманидаги марказий стадионда ўтган байрам кайфияти ҳам шунга монанд бўлди. Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасини интенсив ва замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, томорқада фаолият кўрсатиб келаётган деҳқонларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини, бугунги ютуқлар ана шу эътиборнинг самараси эканини алоҳида қайд этилди.

Ҳосил байрами билан бир қаторда, Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида ёшлар билан ишлаш борасида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган маданий тадбирда туман ёшлари томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар ҳам алоҳида эътироф этилди.
Туманда истиқомат қилаётган ёш спортчилар – каратэчилар, курашчилар ва футболчилар ҳамда маҳаллий хонандаларнинг чиқишлари таниқли санъаткорлар – Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Собиров томонидан ижро этилган куй-қўшиқларга уланиб кетди.

– Очиғи пандемиядан сўнг биринчи бор бу каби маданий тадбирларда қатнашишим, – дейди Равшан Собиров. – Халқнинг кайфияти жуда ҳам кўтаринки. Ҳудудда ёшларнинг қўлга киритаётган ютуқлари ҳам салмоқли. Яқинда ўтказилган каратэ бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ғузорлик ёшлар 12 та медални қўлга киритгани ҳам таҳсинга лойиқ. Нима ҳам дердик биз санъаткорлар халқимизнинг мана шундай қувончли кунларида хизмат қилишдан биниҳоя мамнунмиз.
Байрам туманда тоғли Сарчашма қишлоғи ёшлари учун ташкил этилган Ёшлар шаҳарчасида ҳам давом этди. Тумандаги 4 та сектор раҳбарлари эл суйган санъаткорлар ҳамроҳлигида сарчашмалик ёшлар билан дилдан суҳбат қурдилар. Куй-қўшиқлар даврага файз бағишлади.

Ў.БАРОТОВ, ЎзА