Гуманитар вазият тобора таранглашмоқда
БМТ Халқаро озиқ-овқат дастури ижрочи директори Синди Маккейн Ғазо секторидаги вазиятни фалокатли, деб атади, “Рафоҳ” чегара манзилидан ўтаётган ёрдам етарли эмаслигини билдирди.
– Анклавда на озиқ-овқат, на сув, на электр токи бор, – деган у “ABC” телеканалига интервью бераркан. – 20 та катта юк машинасида келтирилган ёрдам, мисоли, дарёдан томчи. Минтақага хавфсиз ва барқарор йўлак зарур, деган у “ABC” телеканалига интервью бераркан.
БМТ Яқин Шарқдаги фаластинлик қочоқларга ёрдам ва ташкилий ишлар агентлиги бош комиссари Филипп Лаззарини “CBS” телеканалига “Ғазода уч-тўрт кун ичида ёнилғи тугаши кутиляпти” мазмунида баёнот берди.
– Сув, ёнилғи бўлмаса, касалхоналарда даволаш иши амалга оширилмайди, – деган Лаззарини. – Ғазога гуманитар ёрдамни кескин ошириш зарур.
Исроил ва Украина атрофидаги инқироз ЕИ 27 мамлакати ташқи ишлар вазирларининг бугун Люксембургда ўтадиган йиғилишида кўриб чиқилади.
АҚШ Президенти Жо Байденнинг биродарлик ташрифи билан Исроилга келиши фалокатли хато, деди Фаластин Қонунчилик кенгаши (парламенти) аъзоси Мустафо Баргутий “CBS” телеканали мухбирига.
– Исроилга “Бўлди, етар!”, дейиш ўрнига, Америка етакчиси Исроилга келганини тушуниш мушкул, – деган у. –Хатонинг уч сабаби бор: сиёсат ва дипломатия нуқтаи назаридан бу йирик муваффақиятсизлик. Қўшма Штатларнинг яна бир стратегик хатоси ҳарбий жиноят билан боғлиқ хавфли ишга аралашиб қолгани. Ва ниҳоят, ташриф тинчлик жараёнига имкон қолдирмаётган вазиятни юзага келтирди.
“Al-Qahera al-Ihbariya” телеканали хабарига кўра, бугун “Рафоҳ” пунктидан гуманитар ёрдам ортилган 40 та машина Ғазога кириши кутиляпти.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Демократлар партияси аъзоси Илхон Умар Ғазога икки ҳафта ичида отилган бомба Афғонистонда бир йил давомида ишлатилган билан тенг, дея қиёсий баёнот берди. Унинг партиядоши Рашида Тлайб вазият кескинлашиб боришига сабаб АҚШ етакчисининг оташкесинни тўхтатиш, минтақада барқарорликни қарор топтиришга интилмаётгани эканини айтган.
Араб дунёсида, Туркия ва Европада Исроил ҳужумига норозилик намойишлари давом этмоқда. “BFMTV” хабар беришича, Париж полицияси Республика майдонида Фаластинни қўллаб-қувватлаш ва Ғазони ўққа тутишга қарши уюштирилган манифестацияда 15 минг киши қатнашган. Тадбир фаластинликларга яқин ва мусулмонлардан иборат ҳаракатлар, ташкилотлар, шунингдек, “Франциянинг тинчлик учун яҳудийлар иттифоқи” ассоциацияси томонидан ташкил этилган.
Франция Президенти Эммануэль Макрон 24 октябрь куни Исроилга боради, деб ёзди “Agence France-Presse”. Фаластиннинг Франциядаги элчиси Хала Абу Ҳассира “LCI” телеканали журналисти билан суҳбатда “Мен давлат раҳбари Фаластинга – Иордан дарёси ғарбий қирғоғига ҳам боришини жуда истардим”, деган.
Президент Байден телефон орқали Фаластин – Исроил вазиятини Буюк Британия, Италия, Канада Бош вазирлари Риши Сунак, Жоржа Мелони, Жастин Трюдо, шунингдек, Рим Папаси Франциск, Франция етакчиси Макрон ва Германия канцлери Олаф Шольц билан муҳокама қилган.
Фаластинни қўллаб-қувватлаётганлар Ғазо секторидаги вазиятни тушунмаяптилар ёки улар Исроилни ёқтирмайдилар, деб баёнот берди Мудофаа армияси матбуот котиби Жонатан Конрикус Австралиянинг “ABC” радиостанциясига. Унинг сўзларига кўра, агар ХАМАС ҳаракати жангчилари гаровда ушлаб турилган 212 кишини қўйиб юбормаса ва қуролларини топширмаса, Ғазога қуруқликдаги амалиёт муқаррар. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен амалиёт ўтказишни Исроилнинг ўзи ҳал қилмоғи керак, деб баёнот берди. “NBC” телеканалига у Қўшма Штатларнинг Исроил билан мунтазам алоқада эканини ҳам қайд этган.
Америка мудофаа вазири Ллойд Остин фикрича, ХАМАСга қарши қуруқликда жанг олиб боришга ер ости туннеллари халақит бермоқда ва амалиёт кўп вақт олиши мумкин. Қуруқликдаги жанг уч ойгача давом этиши кутилади, деб баёнот берди Исроил мудофаа вазири Йоав Галант.
Аброр Хон, ЎзА