Гулнора номинация ғолиби бўлди
Инсон саломатлигини асрашдек шарафли ва масъулиятли соҳада фидойилик билан меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимларининг касбий маҳорати яна бир бор юксак баҳоланди. Олий ҳамширалик иши мутахассислигига эга ҳамширалар, шунингдек, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ўртасида ўтказилган “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” республика кўрик-танлови ўз соҳасининг муносиб вакилларини аниқлаб берди.
Қувонарлиси, нуфузли танловда Жиззах вилояти вакили ҳам муносиб иштирок этиб, юксак эътирофга сазовор бўлди. Хусусан, “Йилнинг энг яхши санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ўрта тиббиёт ходими” номинацияси ғолиблиги Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси Пахтакор туман бўлими санитария шифокорининг ёрдамчиси Гулнора Гулбоевага насиб этди.
Унинг кўп йиллик самарали меҳнати, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги сидқидилдан хизматлари, касбига садоқати ва юксак масъулияти мазкур эътирофнинг мустаҳкам асосига айланди. Бу нафақат бир мутахассиснинг ютуғи, балки Жиззах тиббиётида шаклланган тажриба, меҳнатсеварлик ва инсон қадрини улуғлаш тамойилларининг амалий ифодасидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири