Гулистоннинг намунали «Ишбилармон аёл»лари
Гулистон шаҳрида хотин-қизларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш, фермер ва тадбиркор аёллар сафини янада кенгайтириш ва уларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ролини ошириш мақсадида «Ишбилармон аёл» кўрик-танлови ўтказилди.
Гулистон шаҳри оила ва хотин-қизлар бўлими, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Гулистон шаҳри кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган кўрик-танловда иштирокчиларининг инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдаги фаоллиги, замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратгани, экспортбоп ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқараётгани каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳакамлар ҳайъати 10 га яқин тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизнинг шу даврга қадар эришган ютуқлари, имкониятлари ва келгуси режалари билан яқиндан танишиб, заргарлик ва тикувчилик йўналишида фаолият кўрсатаётган Дилшода Жўраевани биринчи ўринга муносиб деб топишган бўлса, иккинчи ўринга аёллар либосини тикиш билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркор Мунирахон Кўчимова, учинчи ўринга тадбиркор Дилфуза Мирзабековалар сазовор бўлди.


Ғолиблар «Ишбилармон аёл» кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса, яна олтита номинация бўйича ғолиб бўлган тадбиркор аёлларга ташкилотчиларнинг қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири