Гулистонлик ёш истеъдодлар Гран-при соҳиби бўлишди
Тошкент шаҳрида ўтказилган “Узори Азии” халқаро танловида Гулистон тумани 13-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби хореография синфи ўқувчилари Гран-при мукофотини қўлга киритишди.
Ёш истеъдодлар саҳнадаги жозибали чиқишлари, юқори даражадаги ижро маҳорати ва мусиқий ҳиссиётни чуқур англаши билан ҳакамлар ҳайъатини лол қолдиришди. Улар танловнинг энг олий мукофотига муносиб деб топилди.

Танлов иштирокчиси, гулистонлик Ўғилой Хидирова ушбу ютуқ ҳақида шундай дейди:

– Бу танлов мен учун катта тажриба мактаби бўлди. Саҳнага чиққан ҳар бир дақиқада ўзимга бўлган ишончим янада ошди. Гран-прини қўлга киритганимиздан жуда хурсандман, бу бизнинг меҳнатимиз ва устозларимизнинг берган билимларининг самараси. Келгусида янада кўпроқ машқ қилиб, янада катта ютуқларга эришишни мақсад қилганман.

Ғолиблик ўқувчилар билан бир қаторда, уларни тайёрлаган устозларнинг ҳам самарали меҳнати натижаси ҳисобланади. Синф раҳбари ва ўқувчилар ташкилотчилар томонидан диплом, медал ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири