Гулистонда «Энг китобхон директор» аниқланди
Гулистонда «Энг китобхон директор» кўрик-танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2020 йил 14 декабрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу қарорга кўра вилоят ҳокимининг жорий йил 2 мартда имзолаган «Китобхонлик ойлигини ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Гулистон шаҳрида ташкил этилган «Энг китобхон директор» кўрик танловида ҳудудий босқичлар орқали сараланган 8 та умумтаълим мактабининг директорлари 3 та шарт бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди.
– Ёшларимизни китоб мутолаа қилишга маълум даражада жалб қила олдигу, аммо бу – бугун китобга меҳр қўймаган ўқувчи ва талаба-ёшлар қолмади, деган маънони англатмайди ва ҳали бу борада анча-мунча ишларни амалга оширишимиз шарт, – дейди Сирдарё вилояти тил маркази раҳбари, Гулистон давлат университети доценти, ҳакамлар ҳайъати раиси Қобил Кубаев. – Ўзи китоб ўқимайдиган мактаб директори, синф раҳбари, ўқитувчи, қолаверса, ота-она ўқувчиси ва ёки фарзандини қандай қилиб китоб ўқишга, китобни севишга, унга меҳр қўйишга ундаши мумкин? Болани қўлига мажбурлаб китоб бериб қўйишингиз мумкин, лекин, ўзингиз намуна бўлмас экансиз, жигарбандингизни, шогирдингизни қалбида китобга меҳр ва муҳаббатни уйғотишингиз амри-маҳол. Бугунги каби танловлар эса айни ёшларимизни китобга бўлган қарашини ўзгартиришимизда муҳим аҳамият касб этади.
Мактаб раҳбарларининг жамғарган 1-2 балли фарқ – уларнинг ушбу кўрик-танловга пухта ҳозирлик кўриб келганинг яққол исботидир.
[gallery-1636]
Бадиий услубдаги таништирув, Жаҳон ва ўзбек адабиётларидан тезкор савол-жавоблар, «Мен севган китоб қаҳрамони» шартларида ҳаммадан кўп балл жамғарган шаҳардаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабининг директори Муқаддас Оқилова мутлақ ғолиб деб топилиб, «Энг китобхон директор» кўрик-танловининг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Гулистон шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби директори Назокат Раҳматова ва 11-сонли мактаб директори Сирожиддин Бектемиров мос равишда 2- ва 3- ўринга лойиқ кўрилди.
Ғолиб ва совриндорларга Гулистон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан диплом, Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонасидан ўрин олган сара китоблар тўплами совға қилинди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА