Гулистон ва Ширин шаҳарлари ҳудуди кенгайтирилмоқда
Сирдарё вилоятининг Гулистон ва Ширин шаҳарлари аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Эндиликда мазкур шаҳарлар ҳудуди кенгайтирилмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида “Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари, Гулистон, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё, Ховос туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги палата қарори лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Гулистон туманидан 527,23 гектар ва Боёвут туманидан 582,0 гектар ер майдонини Гулистон шаҳри таркибига ҳамда Боёвут туманидан 638,77 гектар ер майдонини Ширин шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Гулистон ва Ширин шаҳарлари чегараларининг кенгайиши шаҳарда аҳоли зичлигини камайтиришга, транспорт қатновини яхшилашга хизмат қилади. Ҳудудда йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун замин яратади.
Шунингдек, хорижий ва маҳаллий инвестициялар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади. Ҳудудда янги саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этишга, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида ўн минглаб янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини оширишга қаратилган чора-тадбирларни белгилашга шароит яратади.
Таъкидланганидек, мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқулланган.
Мажлисда муҳокама ва фикр-мулоҳазалардан сўнг мазкур масала юзасидан қарор лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА