«Guangzhou Baiyunshan» компанияси билан фармацевтика соҳасида ҳамкорлик кенгаяди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Хитойнинг етакчи компанияларидан бири — «Guangzhou Baiyunshan Pharmaceutical Holdings»нинг Марказий Осиё бўйича ишчи гуруҳи лойиҳаси раҳбари Цзян Нин билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур мулоқот икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика саноати йўналишидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Учрашувда фармацевтика таълими сифатини ошириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини жадаллаштириш ҳамда замонавий ишлаб чиқариш технологияларини амалиётга жорий этиш каби кўплаб муҳим йўналишлар батафсил муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида Фармацевтика техник университети (PTU) билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида ўзаро амалий алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ёш кадрларга замонавий билим бериш ва илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, ташриф доирасида Хитой делегацияси «BioPharmа City» фармацевтика кластери ҳудудида бўлиб, бу ерда яратилаётган инфратузилма билан яқиндан танишди. Меҳмонларга мазкур ҳудудда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, илғор таълим жараёнлари ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш учун барча қулай шароитлар яратилгани ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзаро ишонч ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида келгусидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА