Грузия Ўзбекистон ва Европа ўртасида кўприк бўла оладими?
Бугунги халқаро муносабатда давлатлар иқтисодий салоҳияти кўп жиҳатдан транспорт йўлаклари ва ташқи бозорга чиқиш имконияти билан белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи ва икки мамлакат ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланиши Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим воқеадир.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз ташқи савдо йўналишларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу жараёнда Транскаспий халқаро транспорт йўлаги – Ўрта йўлак стратегик аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Грузия Қора денгиз орқали Европа бозорига чиқишни таъминлайдиган муҳим ҳамкорга айланмоқда. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини Боку – Тбилиси – Карс магистрали билан боғлаш режаси амалга ошса, Евросиёда янги транспорт занжири шаклланади.
Бундай ўзгариш истиқболини рақамлар ҳам тасдиқлайди. 2021 йил Ўрта йўлак республикамиз ташқи савдо юкининг 12 фоизига хизмат қилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 28 фоизга етган. Расмий маълумотга кўра, ўтган йил мазкур йўналиш орқали 1,2 миллион тонна юк ташилган. Контейнер поездининг Грузия портларига етиб бориш вақти 18-23 кундан 12-15 кунгача қисқарди.
Иқтисодий ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. 2017-2025 йиллари товар айирбошлаш қарийб уч баробар ўсиб, 267,6 миллион долларга етди. Томонлар айни кўрсаткични 1 миллиард долларга олиб чиқишни режалаштирган. Поти портида 18,3 миллион долларлик ўзбек логистика терминали қурилиши Ўзбекистон халқаро транспорт инфратузилмасига фаол сармоя киритаётганини кўрсатади.
Тбилисида элчихонамиз очилиши ва транспорт, божхона, рақамли технология ҳамда таълим соҳаларида 15 ҳужжат имзоланиши шерикликнинг институционал асосини мустаҳкамлади.
Албатта томонлар олдида Ўрта йўлак билан боғлиқ айрим муаммолар, бажарилиши лозим бўлган вазифалар бор. Масалан, ҳозирча Қора денгиз портларидан фойдаланиш қуввати чекланган, Каспий денгизида сув сатҳи пасайиши кузатиляпти, логистика инфратузилмасида камчиликлар мавжуд. Шунга қарамай, Ўзбекистон ва Грузия стратегик шериклиги дипломатик муносабат доирасидан кўра анча кенг аҳамиятга эга. Бу жараён ўлкамизнинг Европа бозорига чиқиш имкониятини янада кенгайтириш, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва Евросиё транспорт тизимидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мухтор Назиров,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти