“Green University”да эҳтиёжманд оилалар фарзандлари бепул ўқитилади
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Айниқса, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини таълимга жалб этиш ва уларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфидаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) томонидан ана шу мақсадга қаратилган амалий лойиҳа йўлга қўйилди.
Унга кўра, университет томонидан Тошкент туманида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалардаги ёшлар учун бепул ўқув курслари ташкил этилади.
Курслар инглиз тили, экология ҳамда дастурлаш йўналишларида олиб борилади.
Ушбу курслар ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, замонавий касбларни эгаллашларига кўмаклашиш ҳамда уларнинг келажакдаги касбий фаолияти учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА