GPS чиқинди хизматини назорат қилади: Аҳолига ортиқча тўловлар қайтарилади
Мамлакатда чиқинди ташиш хизматлари назорати янги босқичга чиқди. Энди GPS орқали машиналар ҳаракати кузатилиб, кўрсатилмаган хизмат учун аҳоли тўлов қилишдан озод этилади.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, эндиликда чиқинди ташувчи машиналарнинг ҳаракати GPS орқали кузатилиб, мурожаатлар асосида уларнинг қайси ҳудудга қачон киргани ва у ерда қанча вақт бўлганини текшириш имконияти яратилди. Демак, хизмат кўрсатилмаган бўлса, бунинг учун аҳоли тўлов қилиши шарт эмас.
Мамлакатимизда 102 та санитар тозалаш корхонаси фаолият юритмоқда. Улар республиканинг 208 та шаҳар ва туманида қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатади. Белгиланган тартибга асосан, шаҳарлардаги махсус чиқинди тўплаш шохобчалари ва кўп қаватли уйлар яқинидаги майдончаларда тўпланган чиқиндилар ҳар куни олиб чиқилиши керак. Маҳаллалардаги якка тартибдаги уй-жойлардан эса чиқиндилар сигнал усулида камида уч кунда бир марта олиб кетилиши белгиланган. Бироқ, тегишли жадвалнинг мавжудлиги хизмат ҳар доим ҳам ўз вақтида кўрсатилаётганини англатмайди. Шу боис махсус техникалар ҳаракатини назорат қилиш ва аҳоли мурожаатларини аниқ маълумотлар асосида ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Санитар тозалаш корхоналари тасарруфида 4 500 та махсус автотранспорт воситаси мавжуд. Уларнинг 93 фоизи GPS-трекер қурилмалари билан жиҳозланган. Бу тизим орқали махсус техниканинг ҳаракат йўналиши, хизмат кўрсатиш ҳудудига кирган вақти, у ерда қанча муддат бўлгани ва белгиланган жадвалга риоя этилгани реал вақт режимида кузатилади. Масалан, фуқаро ўз маҳалласида чиқинди ўз вақтида олиб кетилмагани юзасидан мурожаат қилса, масъул корхона фаолиятини текширишда GPS маълумотларидан фойдаланиш мумкин. Яъни, машина ҳудудга киргани ҳақидаги маълумотни шунчаки оғзаки тасдиқлаш эмас, балки унинг ҳаракатини электрон маълумотлар асосида текшириш имконияти бор.
Чиқинди ўз вақтида олиб кетилмагани ёки хизмат умуман кўрсатилмагани ҳақида мурожаат келиб тушса, масъул санитар тозалаш корхонаси фаолияти ўрганилади. Бунда махсус техника белгиланган манзилга ҳақиқатда кирган-кирмагани, ҳаракат жадвалига амал қилгани ва ҳудудда қанча вақт бўлгани таҳлил қилинади.
Агар хизмат кўрсатишда камчиликлар ёки белгиланган жадвалдан четга чиқиш ҳолатлари аниқланса, тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилади. Ушбу ҳужжат ва тасдиқланган маълумотлар асосида хизмат кўрсатилмаган давр учун аҳолига ҳисобланган тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади. Ортиқча тўланган маблағлар эса қайтарилади. Бу ерда муҳим жиҳат бор: чиқинди олиб кетилмагани ҳақидаги мурожаат шунчаки шикоят сифатида қолиб кетмаслиги, балки текширув ва аниқ натижага олиб келиши керак.
Хўш, унда “Тоза макон” тизими нимани назорат қилади?
“Тоза макон” ягона биллинг тизими орқали аҳолига кўрсатилаётган санитар тозалаш хизматлари, ҳисоб-китоблар ва махсус техникалар ҳаракатига оид маълумотлар мониторинг қилинади. Шу билан бирга, ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда ўрганилади. Бу эса хизмат сифатига оид муаммоларни аниқлаш, масъул корхоналар фаолиятини текшириш ва асоссиз ҳисобланган тўловларни қайта кўриб чиқиш учун асос бўлади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА