Ғозғон мармари дунёга юз тутмоқда
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан Навоий вилоятидаги шаҳар мақомига эга бўлган Ғозғон ҳудудидан қазиб олинаётган мармар тошлар шуҳрати бутун дунёга машҳур. Ғозғон мармаридан пойтахтимиздаги қатор метро бекатларини безатишда, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз шаҳарларидаги бино ва мақбараларда, шунингдек, Ҳиндистондаги Тожмаҳал ансамблида, Москвадаги музейлар, Вьетнамдаги Хо Ши Мин мавзолейида фойдаланилганлигини яхши биламиз.
Президентимиз 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида Ғозғон шаҳрида бўлиб, ҳудуддаги мармар ва гранит конлари негизида табиий тошларни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, бу борадаги ишларни кластер тизими орқали амалга ошириш вазифасини қўйган эди. Айни пайтда вазифалар ижроси доирасида йирик корхона – “Мармаробод” корхонаси фаолият олиб бормоқда.
Лойиҳани амалга ошириш учун масъул бўлган “NBU GAZGAN INVEST” МЧЖ директори Отабек Қурбоновнинг таъкидлашича, бугунги кунда маҳаллий тадбиркорлар учун 8 та ишлаб чиқариш биноси қурилган бўлиб, ҳар бирининг умумий қиймати 1 миллиард 370 миллион сўмни ташкил этади. Бинолар қурилиши учун сарф этилган маблағни тадбиркорлар 7 йил давомида қайтариш имкониятига эга. Айни пайтда бу ерда корхоналарнинг иккитаси ўз фаолиятини бошлаган, учинчиси эса ишга туширишга тайёрланмоқда.
[gallery-4518]
Ҳудудда “EDIFICE AASPIRI” корхонаси ҳиндистонлик инвесторлар томонидан ташкил этилган
– Корхонамизда маҳаллий хомашёдан турли ҳажмдаги тайёр мармар плиталар ишлаб чиқарамиз, – дейди корхона асосчиси Санджай Бхан. – Бу ерга келишдан олдин бутун Ўзбекистон ҳудудини айланиб чиқдим. Шу ҳудудда бирламчи хомашёнинг кўплигини билиб, завод очишга қарор қилдим. Карьер ҳам сотиб олдим. Мақсадим, дунёнинг турли давлатларига мармар плиталарини экспортга йўналтириш. Ҳозирдан Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликларидан буюртмалар келиб тушган. Шунингдек, бир қатор ҳамкорларим Тошкент шаҳрида беш юлдузли меҳмонхона қурмоқда. Улар билан ҳам келишувимиз бор.
Кластер таркибига кирувчи “Dilshodbek stone” корхонасига “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 100 миллион сўм миқдорида кредит берилган.
– Корхонамиз жорий йилнинг май ойида ишга тушди, – дейди корхона раҳбари Ҳамид Нарзиев. – Натижада 20 та иш ўрни яратилди. Корхонамизда йилига 10 минг квадрат метр мармар плиталари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларимизни экспортга ҳам йўналтирмоқдамиз. Ҳозирда Қозоғистонга 70 минг, Тожикистонга 40 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Айни пайтда кластер таркибида банк хизматлари, сервис ва ўқув марказлари, эҳтиёт қисмлар ва станоклар дўкони ташкил этилган.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА