Гўзал шеърият соҳиби эди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Ошиқ Эркин — Эркин Мадраҳимов 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар қилди.
Маълумотларга кўра, Ошиқ Эркин (Эркин Мадраҳимов) 1937 йил 7 майда Хивада туғилган. У Тошкент Давлат университети – ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультетини тугатган. Ижодкор 1956 йилдан оммавий ахборот воситалари тизимида ишлаб келарди.
1959 йилдан “Ўрта Осиё университети” газетасида масъул котиб, 1961 йилда “Ўзбекистон овози”, 1962 йилдан Ўзбекистон телерадиокомпанияси мухбири, 1971 йилдан Боғот туман газетаси муҳаррири, 1974 йилдан “Қишлоқ ҳақиқати”, “Сельская правда” газеталарининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бўйича мухбири лавозимларида ишлаган эди.
Устоз ижодкор 1986-2010 йиллар давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими масъул котиби вазифасида хизмат қилган. Ошиқ Эркиннинг 30 га яқин бадиий ва публицистик китоблари нашр этилган. Жумладан, “Иқбол”, “Оҳулар”, “Йилга татиган бир тонг”, “Ёлғоннинг умри қисқа”, “Пўлат ва унинг бобоси”, “Тиллақуш”, “Меҳринг тушди юракка”, “Азим дарё” ва бошқа китоблари шеърият ихлосмандларига яхши таниш.
Ошиқ Эркин “Шуҳрат” медали ҳамда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонлари билан тақдирланган эди.
Шоир шеъри билан айтилувчи дилбар қўшиқлар, чин инсоний туйғуларни тараннум этувчи шеърлар адабиёт, мусиқа мухлисларининг қалбидан ўрин олган. Ошиқ Эркин гўзал шеърият соҳиби, дилбар қўшиқлар матнининг муаллифи сифатида халқимиз қалбида мангу яшайди.
ЎзА