Ғўза парваришида ҳал қилувчи палла
Пахтачиликда ёзги агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш келгуси ҳосил тақдирини белгилайди. Бежизга мутахассислар бу жараённи юқори ҳосилдорликнинг муҳим гарови дея таъкидлашмайди. Зеро, ғўзанинг баравж ривожланиши, шоналаши ва кўсак тугиши айнан шу даврда амалга ошириладиган агротехник тадбирлар самарадорлигига бевосита боғлиқ.
Пахтачиликда ёзги агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш келгуси ҳосил тақдирини белгилайди. Бежизга мутахассислар бу жараённи юқори ҳосилдорликнинг муҳим гарови дея таъкидлашмайди. Зеро, ғўзанинг баравж ривожланиши, шоналаши ва кўсак тугиши айнан шу даврда амалга ошириладиган агротехник тадбирлар самарадорлигига бевосита боғлиқ.
Оқолтин туманидаги “Бобур қишлоқ хўжалиги” масъулияти чекланган жамияти даласида фермер хўжаликлари раҳбарлари, агрономлар, сувчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида амалий семинар ўтказилди. Тадбирдан кўзланган мақсад 2026 йил ҳосили учун экилган ғўза майдонларида агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш, фермерларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда юқори ҳосилдорликни таъминлаш бўйича амалий тавсиялар беришдан иборат бўлди.

Семинар давомида иштирокчилар ғўза парваришининг айни босқичида бажарилиши лозим бўлган муҳим ишлар билан таништирилди. Хусусан, минерал ва органик ўғитлардан оқилона фойдаланиш, суғориш ишларини агротехник талаблар асосида ташкил этиш, ғўзанинг озуқага бўлган эҳтиёжини ўз вақтида қондириш, қатор ораларига ишлов бериш ҳамда зараркунанда ва касалликларга қарши кураш чоралари атрофлича муҳокама қилинди.

Мутахассислар томонидан ғўзанинг ривожланиш ҳолати жойида таҳлил қилиниб, ҳосилдорликка таъсир кўрсатувчи омиллар юзасидан амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, чеканка ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ҳар бир гектардан юқори ҳосил олиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Эътиборли жиҳати, жорий йилда Оқолтин туманидаги фермер хўжаликлари ва агрокластерларга қарашли 13 минг 500 гектар майдонда пахта парваришланмоқда. Шундан 8 минг гектарига замонавий “Шинжон” технологияси асосида чигит экилган. Мазкур технология сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, ғўзанинг бир текис униб чиқиши ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Айни пайтда барча майдонларда ғўзанинг ривожланиш ҳолати яхши бўлиб, ниҳоллар баравж ривожланмоқда.

– Бугунги кунда пахта майдонларида амалга оширилаётган ҳар бир агротехник тадбир келгуси ҳосилнинг пойдеворини яратади. Айниқса, ғўзанинг шоналаш ва гуллаш арафасида минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш ишларини белгиланган меъёрлар асосида ташкил этиш ҳамда парвариш тадбирларини сифатли бажариш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу амалий семинардан кўзланган асосий мақсад ҳам фермерлар ва мутахассисларнинг билим ҳамда тажрибасини бойитиш, илм-фан ютуқлари ва илғор тажрибаларни кенг жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликка эришишдан иборат. Бундай амалий мулоқотлар пахтачиликда юқори натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади, – дейди Оқолтин тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ҳамид Матчонов.

Семинар иштирокчилари дала шароитида намойиш этилган илғор тажрибалар билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олишди
Ғулом Примов, ЎзА мухбири