Ғолиб ва совриндор спортчилар тақдирланди
Бухорода Осиё чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бирлашган Араб Амирлигининг Алъ-Айн шаҳрида жорий йил 27 август 10 сентябрь кунлари бокс бўйича кичик ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида юртимиз спортчилари юқори натижаларга эришди. Ғолиблар орасида 7 нафар бухороликлар ҳам бор.
Хусусан, Мафтуна Янгиева, Элёр Рустамов, Беҳруз Қурбонов, Жаҳонгир Зайниддинов, Ислом Салихов олтин медални қўлга киритган бўлса, Муҳаммадали Истамов, Диёрбек Муродуллоев кумуш медалга эга чиқди.
[gallery-19268]
Тадбирда сўнгги йилларда юртимизда спорт соҳасида улкан ютуқлар қайд этилаётгани эътироф этилди. Бунда бухоролик спортчи ва мураббийларнинг ҳам ҳиссаси катта. Хусусан, Париж шаҳрида ўтказилган олимпия ва паралимпия ўйинларида вилоят спортчиларининг кўрсатган натижалари яна бир бор таъкидланди.
Шундан сўнг ғолиб ва совриндорлар ҳамда уларнинг мураббийлари, қолаверса, Осиё ва жаҳон ареналарида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган қатор турнирлар ғолиби Одилжон Аслонов 10 миллион сўмдан пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, Қозоғистон давлатида бўлиб ўтган чемпионлар оқшомида 71 кг вазн тоифасида IBA Осиё камари соҳибига айланган Саиджамшид Жафаровга “Cobalt” автомашинаси, унинг мураббийси Ҳамза Авезовга 30 миллион сўм пул мукофоти тантанали топширилди.
Тадбирда Спорт вазири ўринбосари Шахрилло Махмудов ҳам қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари.