Ғолиб гандболчилар тақдирланди
Хоразмда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўғил болалар ва қизлар ўртасида “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги” учун Гандбол мусобақасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Урганч шаҳридаги "Ёшлик" спорт мажмуасида ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар ушбу мусобақалар маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларнинг спорт соҳасидаги иқтидорини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётганини таъкидлади.
Хоразм вилояти бўйича 531 та маҳалла бўйича шаклланган жамоалар ўртасида мазкур кубок учун туман-шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жамоалар қура ташлаш жараёнидан сўнг баҳсларга киришди. Ҳар битта ўйин 15 дақиқа давом этиб, профессионал ҳакамлар баҳолаш учун жалб қилинган.
– Маълумки, 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида 5-босқичда “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақалари йўлга қўйилди, – дейди Хоразм вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нодира Жуманиязова. – Маҳаллаларда ёшларнинг спортга бўлган қизиқишлари жуда катта. Гандбол спорти энди оммалашаётганига қарамасдан, ушбу мусобақада қатнашиш учун маҳаллаларимиздан юз минглаб ёшлар қизиқиш билдиришди. Аввал фақат ўғил болалар ўртасидаги мусобақалар ўтказилган бўлса, эндиликда қизлар ўртасидаги мусобақалар ташкил этилди. Бундан ҳаваскор гандболчи қизлар ҳам хурсанд бўлишди.
Ўйинлар шиддатли, баҳслар кескин кечди. Сабаби, республика босқичида ғолиб бўлган ёшларнинг маҳалласига спорт майдончаси қуриб берилиши билан бирга қимматбаҳо совғалар ҳам тақдим этилади.
Якуний натижаларга кўра, қизлар ўртасида учинчи ўринга Қўшкўпир тумани Қоровул маҳалласи, иккинчи ўринга Хонқа тумани Дўрман маҳалласи ёшлари сазовор бўлди. Биринчи ўринни эгаллаган Шовот тумани Махтумқули маҳалласи эса мамлакат баҳсларига йўлланмани қўлга киритди.
[gallery-23217]
Шунингдек, мусобақанинг ўғил болалар ўртасида кечган баҳсларида Хонқа туманининг Дўрман маҳалласи жамоаси учинчи, Хива тумани Пирнохос маҳалласи ёшлари иккинчи ва Урганч тумани Обод маҳалласи ганболчи йигитлари биринчи ўринни эгаллади. Ободлик ганболчилар ҳам мусобақанинг республика босқичида қатнашади.
Мусобақа сўнгида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари