Ғолиб бўлмаган лойиҳа кераксиз дегани эмас
Юртимизда кенг қулоч ёйган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2026 йилги иккинчи мавсуми яқиндагина якунланиб, ғолиб лойиҳалар аниқланди. Аммо етарли овоз тўплай олмай қолган лойиҳалар кераксиз ёки зарур бўлмаган масалалар дегани эмас. Албатта, «Очиқ бюджет» учун тақдим этилган ҳар бир лойиҳа ўз ҳудуди учун, ўша ердаги аҳоли учун жуда муҳим ҳисобланади. Бу борада давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ўз сайлов округларида ғолиб бўлолмаган лойиҳалар орасидан танлаб олиш имкони берилгани айни муддао бўлди.
Халқ вакиллари бу галги ўрганишлари давомида айни шу масалага — “Ташаббусли бюджет”да ғолиб деб топилмаган лойиҳаларни ўрганиш ва улар орасидан энг зарур деб топганини танлашга алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зуҳриддин Мавлонов Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидаги ўрганишлари давомида туман ҳокими ва прокурори, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳамда иқтисодиёт ва молия соҳаси масъуллари билан биргаликда «Очиқ бюджет»да ғолиб бўлмаган лойиҳаларни бирма-бир кўриб чиқди.
Хусусан, 9-сонли ва 21-сонли умумтаълим мактаблари, шунингдек, мактабгача таълим муассасаларига бориб, мавжуд шароит ва муаммолар жойида ўрганилди. Масъуллар, педагоглар билан гаплашилиб, қайси ишларни биринчи навбатда амалга ошириш зарурлиги муҳокама қилинди. Депутат ўрганиш давомида ҳар бир масалага рақам ортидан эмас, реал эҳтиёждан келиб чиқиб қараш кераклигини таъкидлаган ҳолда лойиҳаларни ҳар томонлама ўрганди.

Шунингдек, депутат Дилдора Камолова "Ташаббусли бюджет" жараёнининг 2-мавсумида овоз беришда ғолиб деб топилмаган Учтепа туманидаги 78-сон умумтаълим мактабининг ҳолатини жойига чиқиб ўрганди.
Депутатлар мактабга киритилган таклифлар ва муассасанинг мавжуд шароитларини атрофлича кўриб чиқди. Ғолиб лойиҳалар эса халқ вакиллари томонидан ҳаққоний ўрганилиб, “Очиқ бюджет” порталида аниқланади.
Бу каби амалий ишлар депутатларнинг жойлардаги муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиради. Шунингдек, ғолиб бўлмаган лойиҳаларнинг эътибордан четда қолмаслиги, фуқароларнинг умид билан кутган масалалари ечим топишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА