"Global Tour 2026": Конкур бўйича бешинчи босқич ғолиблари маълум бўлди
От спортининг конкур йўналиши бўйича "Global Tour 2026" мусобақасининг бешинчи босқичи якунланиб, турли тоифаларда чавандозлар сараланди.
Мамлакатимизда от спортини ривожлантириш, иқтидорли чавандозларни кашф этиш ва халқаро мусобақаларга муносиб захира тайёрлашга қаратилган “Global Tour 2026” туркум мусобақалари давом этмоқда. Пойтахтимиздаги “Universal Horses Stable” от спорти мажмуасида мазкур турнирнинг бешинчи босқичи ўтказилиб, унда турли тоифалардаги энг кучли чавандозлар ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Беллашувлар давомида иштирокчилар техник маҳорати, от билан ўзаро уйғунлиги ҳамда мураккаб тўсиқларни аниқ ва тезкорлик билан босиб ўтиш борасидаги тайёргарлигини намоён этди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида ҳар бир тоифа бўйича ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
“А” тоифасида Мирёқуб Исмаилов “Cornetta La Cami” лақабли оти билан барча рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади. Баҳромжон Ғозиев (Ledy) иккинчи, Муҳаммаддиёр Раимжонов (Kaskat) эса учинчи поғонадан жой олди.
“В” таснифида Мирзоҳид Мусаев (Pirana) чемпионга айланган бўлса, Асалхон Саидаҳмедова (Karina) кумуш, Файзулло Файзиев (Simona) бронза медали соҳибига айланди. “С” гуруҳида Севинч Назарова (Elis G) ғолибликни нишонлади. Саидали Шукуров (Kornet BS) иккинчи, Абубакир Якубов (Vailant 2) учинчи натижани қайд этди. “Е” гуруҳида Анна Сигидина (Elis G) биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Полина Дудникова (Ridjina) иккинчи, Мумтозбегим Ҳакимова (Golden Star) учинчи поғонадан жой олди.

Бошловчи отлар ўртасидаги баҳсларда эса Алишер Эркинов (Chaman) ғолиб деб топилди. Улуғбек Усмонов (Champions League 2) кумуш, Баҳромжон Ғозиев (Kakoin) бронза медалига сазовор бўлди.
“Global Tour 2026” мусобақалари мамлакатимизда конкур спортини янада оммалаштириш, миллий терма жамоа учун муносиб захира шакллантириш ҳамда чавандозларнинг мусобақа тажрибасини бойитишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Турнирнинг навбатдаги босқичларида ҳам кучли рақобат ва қизиқарли беллашувлар кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА