Ғиждувонлик тадбиркорлар билан мулоқот
Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” корхонасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарларининг сайловолди ташвиқоти доирасида O‘zLiDeP электоратининг асосий қатламини ташкил этувчи тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда 100 нафардан зиёд маҳаллий ишбилармон, кичик ва ўрта бизнес ҳамда аграр соҳа вакиллари иштирок этди.
Мулоқот аввалида партия сайловолди дастурининг асосий йўналишлари, хусусан, 5 мақсад ва 500 вазифа доирасида келгуси беш йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тадбирда сайловолди дастурида белгиланган биринчи мақсад –барқарор иқтисодий ўсиш орқали ҳар бир инсон, оила ва жамият фаровонлигига эришиш борасида режалаштирилган лойиҳалар тўғрисида батафсил сўз юритилди.
Учрашув иштирокчиларига O‘zLiDeP ўз дастурида ялпи ички маҳсулот ҳажми 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 4 минг долларга етказилиши юзасидан ўз таклифларини илгари сураётгани маълум қилинди.

Партия келгуси беш йилда мамлакатимиз тадбиркорлари сонини 3 миллион нафардан ошириш, барқарор иш жойларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш, қулай бизнес, инвестиция ва рақобат муҳитини шакллантириш, барқарор, содда ва адолатли солиқ сиёсатини жорий этиш, саноат тармоқлари ва замонавий сервисни иқтисодиёт драйверига айлантириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, юқори иқтисодий ўсишни таъминловчи барқарор ва самарали молиявий хизматлар бозорини шакллантириш ҳамда инфратузилма ва туризмни ривожлантириш сингари устувор вазифалар ижросини таъминлашни ўз зиммасига олган.
Учрашувда навбатдаги беш йиллик якунида юртимиздаги камбағаллик кўламини икки карра камайтириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг “маҳаллабай” дастурларини ишлаб чиқиш партиянинг устувор вазифаларидан бири бўлиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредит ҳажмларини ҳар йили 30 фоизга ошириб бориш, ижтимоий тадбиркорликни янада рағбатлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини иш билан таъминлаб келаётган тадбиркорларга мол-мулк ва ер солиғидан имтиёзлар бериш, оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун кредит таътиллари бериш тизимини жорий этиш ҳам O‘zLiDePнинг сайловолди таклифлари сирасига киради.
Ички меҳнат миграциясини ривожлантиришга эътибор қаратиш, бандликни молиявий қўллаб-қувватлаш манбаларини кенгайтириш, жумладан, хусусий бандлик агентликлари тизимини ривожлантириш масалалари партия электоратининг манфаатларини ҳимоялашда муҳим қадам бўлади.
Қизғин савол-жавоблар ва очиқ муҳокама руҳида ўтган учрашувда бир қатор партия фаоллари ва тадбиркорлар ҳам сўзга чиқиб, O‘zLiDePнинг “Ваъда эмас – натижа, эртага эмас – бугун!” шиори остида бугунги кунда ғайрат-шижоат билан фаолият олиб боришини таъкидлади. Партия сайловолди дастурида белгилаб қўйилганидек, иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш тарафдори эканликларини эътироф этди.
Юқори кайфиятда ўтказилган учрашувда сўз олган O‘zLiDeP етакчиси Актам Хаитов халқимиз ва Ватанимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа ҳисобланган бўлажак сайловларда юртимиз иқтисодиётининг асосий драйвери ҳисобланган тадбиркорлик соҳасининг ғиждувонлик вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, партия ва унинг номзодларига ҳамжиҳатлик билан овоз беришларига ишонч билдирди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари