Ғиждувон тажрибаси оммалашади
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида кейинги йилларда икки мингдан зиёд янги тадбиркор иш бошлади. Натижада туман саноати 2 карра ўсиб, 2 триллион сўмдан ошди.
Туманда бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан 20 та маҳалладаги бўш ерда ишлаб чиқариш иншоотларини қуриш, 400 та оилага тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш белгиланган. Бунинг натижасида 2 мингта янги иш ўрни яратилади.
Президент кўрсатмасига асосан “Ғиждувон тажрибаси”нинг бутун мамлакатимиз миқёсида оммалаштирилиши яширин иқтисодиётнинг олдини олиш имконини беради.
– Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи доирасида қилган маърузасида Ғиждувоннинг ўзида 25 минг иш ўрни, қўшимча 50 миллион доллар экспорт имконияти борлигини таъкидлагани бежиз эмас. Бу барча маҳаллий тадбиркорлар қатори мени ҳам ўз ишлаб чиқариш фаолиятимга давр талабларидан келиб чиққан ҳолда ёндашишга ундади, – дейди “Ғиждувон машҳураси” хусусий корхонаси раҳбари, O'zLiDeP Ғиждувон тумани Кенгаши раиси, маҳаллий Кенгаш депутати Замира Сафарова. – Мен 27 йилдан буён тадбиркорлик фаолиятини олиб бораман. Кейинги пайтда соҳа ходимлари учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда Ғиждувон эркин иқтисодий зонасидан жой олдим. Имтиёзли кредит асосида икки босқичли лойиҳани амалга оширдик. Лойиҳа бутунлай ўзини оқлади. Маҳсулотларимиз Франция, Россия, Туркия, Испания, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон каби қатор давлатларга экспортга чиқарилмоқда. Айни пайтда бошқа лойиҳалар устида ҳам иш олиб борилмоқда. Мақсад Ғиждувон тажрибасини оммалаштириш орқали аҳоли фаровонлиги ва мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшишдан иборат.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.