Гиёҳвандлик – умр заволи
Кейинги асрларда бутун курраи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизга ташвиш бўлмоқда. Бу иллат – гиёҳвандлик.
Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади. Шунинг учун ҳам ҳар йили 26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.
Сана муносабати билан юртимиздаги олий ўқув юртларида, лицей ва коллеж, мактаб ва бошқа ўқув муассасасаларида барча соҳа вакиллари ҳамкорлигида тадбирлар ўтказилиб, ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари мунтазам равишда олиб борилади.

Ана шундай тадбирлар доирасида Тошкент шаҳар божхона бошқармасида Республикаси ихтисослаштирилган наркология илмий амалий тиббиёт маркази врач-наркологи Сайёра Интизорова иштирокида бошқарма ва божхона постлари ходимлари учун ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Унда мутахассис томонидан бугунги кунда гиёҳвандликка қарши кураш борасида халқаро тажриба ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб, гиёҳвандлик оқибатида ўз келажаги, ҳаётини қоронғу кунларга алмашган шахсларнинг ачинарли қисматларини ҳаётий мисоллар асосида божхоначиларга тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, давра суҳбатида, айниқса, қиз болаларнинг гиёҳвандлик асирига айланиши, миллат фожеаси, келажак авлодларнинг носоғлом, ногирон бўлиб туғилишига сабаб бўлишини таъкидланди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2021 йилда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 7142 та жиноят фош этилган.
2020 йилда бу кўрсаткич 6032 тани ташкил қилган.
2021 йилда республикада гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишида 1 тонна 864,4 кг. миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинган.

2021 йилда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни амалга оширган шахсларнинг 131 нафари чет эл фуқароларидир.
"26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш куни" муносабати билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган наркотикларни ёқиш тадбирида бу йил 133 кг. 713,5 гр. героин, 159 кг. 478 гр. опий, 1 тоннадан ошиқ гашиш, 300 кг. 786 гр. марихуана, 79 кг. 842,5 гр. кўкнор, 247 кг. 150,4 гр. каннабис ҳамда турли хилдаги психтроп ва психофаол моддалар ёқиб юборилди.
Йўқ қилинадиган наркотик моддаларнинг 530 кг.дан ортиғи республикамиз божхоначилари ҳиссасига тўғри келиб, улар томонидан тезкор тадбирларда ушлаб қолинган.
Давлат божхона қўмитаси томонидан 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 186 та ҳолатда 558,4 кг. гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
Ахборот хизмати