“Гилос сайли” анъанага айланади
Фарғонада нима кўп, сайиллар кўп. “Ўрик гули” сайли яқиндагина одатга кирди. Эндиги навбат “Гилос сайли”га.
Қува туманида 6,5 минг гектар мевали боғ бор ва унинг 1,2 минг гектари интенсив боғлардир. Шу кунларда тумандаги 38 та экспортёр корхона томонидан 11 та давлатга гилос ва ўрик экспорти амалга ошириляпти. Эътиборлиси, бу йил илк бор АҚШ, Япония, Жанубий Корея йирик савдо тармоқларида Қува гилослари харидоргир маҳсулотга айланди.


2025 йилда Фарғона вилоятида етиштирилган мева-сабзавотлар дунёнинг 60 дан ортиқ давлатига экспорт қилинган эди. Биргина гилос экспорти ҳажми 29,8 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Шунданми, вилоятда, ҳусусан, Қувада янги гилосзор боғлар кўпайди. 2-3 йил аввал ташкил этилган интенсив гилосзорлар бу йил мевалади. Демак, гилос экспорти янада кўпаяди.


Янги боғлар сабаб, Қува адирларидаги гилосзорларда халқаро “Гилос сайли” фестивали ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, тадбиркорлар, сайёҳлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Фестивални очиб берган вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов янгидан ташкил этилган сайилнинг аҳамияти, унинг аграр соҳани ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишдаги ўрни ҳақида гапирди.

“Гилос сайли” иштирокчиларига уни етиштиришнинг замонавий агротехнологиялари бўйича танишув саёҳати ўтказилди.
Фестивал доирасида турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, фаол иштирокчилар тақдирланди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА