Гилос — қишлоқ хўжалигининг экспорт брендига айланиши мумкин
Бугун ўзбек гилоси нафақат дастурхонлардан жой олмоқда, балки хорижий бозорларда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамламоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон 11 та хорижий давлатга 23,3 минг тонна гилос экспорт қилган. Экспорт қиймати эса 57,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу рақамларнинг яна бир муҳим жиҳати бор. БМТнинг “Comtrade” халқаро савдо маълумотлар базасига кўра, ўтган 2024 йилда Ўзбекистон 32,2 минг тонна янги узилган гилос экспорт қилиб, 70,4 миллион доллар даромад олган. Ҳажм бўйича мамлакатимиз дунёда 6-ўринни эгаллаган.
Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йилликдаги гилос экспортига назар ташланса, натижалар бир маромда эмас, балки йилма-йил сезиларли ўзгариб турганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.
2016 йилда 29,2 минг тонна гилос экспорт қилинган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 30,6 минг тоннага, 2018 йилда эса 33,8 минг тоннага етган. Бироқ 2019 йилда экспорт кескин камайиб, 16,8 минг тоннани ташкил этган. Кейинги йилларда эса ўсиш ва пасайишлар кузатилган. Энг юқори кўрсаткич 2021 йилда — 60,8 минг тонна қайд этилган. Бу 2016 йилдаги кўрсаткичдан қарийб икки баробар кўп.

Шундан кейин экспорт ҳажми яна пасайган: 2022 йилда — 25,4 минг тонна, 2023 йилда — 45 минг тонна, 2024 йилда — 32,2 минг тонна ва 2025 йилда — 31,7 минг тонна.
Демак, Ўзбекистон гилос экспортида катта салоҳиятга эга бўлсада, ҳажм йиллар кесимида анча ўзгарувчан.
2024 йилда гилос экспорти бўйича Чили мутлақ лидер — 529,5 минг тонна. Ундан кейин Гонгконг — 168,4 минг тонна, АҚШ — 84,2 минг тонна, Туркия — 66,5 минг тонна ва Испания — 34,1 минг тонна билан жойлашган. Ўзбекистоннинг 32,2 минг тонналик кўрсаткичи эса Испаниядан кейинги ўринни эгаллаган. Бу ерда алоҳида эътиборли жиҳат — Ўзбекистоннинг гилос экспорти ҳажми Греция, Озарбайжон, Австрия ва Молдова каби мамлакатлардан юқори эканидир.
Экспорт ҳажми юқори бўлиши, албатта, яхши натижа. Аммо экспортда фақат тонна эмас, бир тонна маҳсулотдан қанча даромад олинаётгани ҳам муҳим.
2024 йилда Ўзбекистон 32,2 минг тонна гилосни 70,4 миллион долларга экспорт қилган. Бу ҳисобда бир тонна гилоснинг ўртача экспорт қиймати тахминан 2,2 минг доллар атрофида бўлади. Шунинг учун келгусида асосий вазифа фақат гилос етиштириш ва уни кўпроқ экспорт қилиш эмас. Сифат, саралаш, қадоқлаш, совитиш, сақлаш ва юқори даромадли бозорларга чиқиш экспорт қийматини янада ошириши мумкин.
Айниқса, янги узилган гилос тез бузиладиган маҳсулот бўлгани учун уни етиштиришдан кўра ташқи бозорга сифатини йўқотмаган ҳолда етказиб бериш ҳам катта аҳамиятга эга.
2026 йилнинг дастлабки олти ойида 23,3 минг тонна гилос экспорт қилингани ҳам эътиборга молик. Бу 2024 йилдаги йиллик экспорт ҳажмининг қарийб 72 фоизига тенг. Яъни экспорт мавсуми ҳали тўлиқ якунланмаган бир пайтдаёқ салмоқли ҳажм қайд этилган.
Экспорт географиясининг 11 та давлатни қамраб олгани ҳам Ўзбекистон гилосига ташқи бозорда талаб борлигини кўрсатади. Энди асосий масала — бу талабни барқарор бозорга айлантириш.
Ўзбекистоннинг иқлим шароити, мева-сабзавот етиштириш анъаналари ва мавжуд аграр салоҳияти гилос экспортини янада ривожлантириш учун имконият беради.
Бироқ дунё бозорида рақобат кучли. Чилининг 500 минг тоннадан ортиқ экспорт ҳажми Ўзбекистон натижасидан бир неча баробар юқори эканини кўриш мумкин.
Шу боис келгуси босқичда мақсадни фақат “кўпроқ тонна” эмас, балки “кўпроқ қўшилган қиймат” тамойили асосида белгилаш муҳим. Сифат стандартларини ошириш, экспортбоп навларни кўпайтириш, замонавий совитиш ва сақлаш тизимларини ривожлантириш, маҳсулотни брендлаш ва янги бозорларга чиқиш — Ўзбекистонни гилос экспортида юқорироқ ўринларга олиб чиқиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА