Германиянинг етакчи компаниялари Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирмоқда
Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти кунлари” бизнес-форуми ҳамда Ўзбекистон–Германия ишбилармонлар кенгашининг 10-йиғилиши бўлиб ўтди.
Нуфузли тадбир икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўлида муҳим мулоқот майдонига айланди.


Форумда делегациялар раҳбарлари — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон–Германия ишбилармонлар кенгашининг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси Абдулла Арипов ҳамда “Knauf Group” компаниясининг ижрочи ҳамкори, Кенгашнинг Германия томонидан ҳамраиси Уве Кнотсер иштирок этиб, икки мамлакат ўртасидаги шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидладилар.


Тадбирнинг очилиш маросимида Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси директори Михаел Ҳармс ҳамда Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер ҳам қатнашди.

Форумда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева иштирок этиб, қурилиш ва коммунал соҳаларда замонавий ёндашувларни жорий этиш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда халқаро тажрибани кенг татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр билдирди.

Музокаралар давомида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, энергия самарадорлигини ошириш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш, “яшил” технологияларни жорий этиш ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, малакали кадрлар тайёрлаш, соҳада инновацион ечимларни қўллаш ва Германиянинг илғор тажрибасини Ўзбекистон амалиётига татбиқ этиш бўйича таклифлар алмашилди.

Куннинг якуний қисми икки томонлама учрашувлар ва амалий музокараларга бой ўтди.
Мазкур бизнес-форум Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги инвестициявий лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА