Германияда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги тантанали нишонланди
Германия пойтахти Берлиндаги Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Германиянинг расмий ва парламент доиралари, сиёсат, бизнес, илм-фан ва жамоатчилик вакиллари, Берлинда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва дипломатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тантанали маросим Ўзбекистон ва Германия давлат мадҳияларининг жонли ижроси билан бошланди.
Мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов ўз табрик нутқида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик тараққиёт йўли ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталди. Иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, таълим ва илм-фан, рақамлаштириш ва инновацияларни ривожлантириш, қонун устуворлиги, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишлари эканини таъкидлади.

Тадбирнинг фахрий меҳмони Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Европа ишлари бўйича давлат вазири Гюнтер Крихбаум ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини юқори баҳолади. У мазкур жараёнлар Ўзбекистон-Германия муносабатларини сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратаётганини таъкидлади.
– Ўзбекистонга ташрифим чоғида мамлакатдаги янгиланишлар, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси ва буюк алломаларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси менда катта таассурот қолдирди. “Алгоритм” атамасининг Муҳаммад ал-Хоразмий номи билан боғлиқлиги ҳам бу юртнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган улкан ҳиссасидан далолат беради. Ислом цивилизацияси маркази эса бой тарихий ва илмий меросни янги авлодга етказишда муҳим маърифий маскан бўла олади.

Шунингдек, Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 2026 йил июнь ойида Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар юксак даражага кўтарилганининг яққол ифодасидир. Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ва “Volkswagen” каби йирик компаниялар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта имкониятлар бор.
Ўзбекистонда кўплаб ёшлар немис тилини ўрганаётгани, Германияда эса малакали кадрларга талаб юқори экани таълим, касбий тайёргарлик ва меҳнат соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун яхши асос яратади. Ўзбекистоннинг бой маданияти ва улкан туристик салоҳиятини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарларни бориб, яқиндан кашф этишга барчани таклиф қиламан, – деди вазир.
Байройт шаҳар кенгаши аъзоси Карл-Ҳайнц Брайтцманнинг сўзларига кўра, у уч йил олдин Ўзбекистонда сайлов кузатувчиси сифатида бўлган ва шу заҳотиёқ бу гўзал юрт эканини ҳис қилган.
– Шунинг учун Ўзбекистон элчихонаси тадбирларига мунтазам равишда таклиф этилиш мен учун катта шараф ва фахр. Элчихонадаги тадбирлар ҳар доим юқори даражада ташкил этилади. Уларда маданият ва сиёсат соҳаларининг таниқли вакиллари иштирок этади.

Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётганини кўриш ҳар сафар мени ҳайратга солади. Ўзбекистон Президенти улкан ислоҳотларни амалга оширмоқда ва мамлакат ўзгаришлари билан ҳақли равишда фахрланиши мумкин. Мен эса Байройт шаҳри вакили сифатида бу жараённинг бир қисми бўлаётганимдан жуда хурсандман.
Энг муҳими, мамлакатингизга бўлган меҳрим туфайли Берлиндаги Ўзбекистон элчихонасида “Бавария - Ўзбекистон дўстлари жамияти”ни ташкил этганмиз. Биз икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз, – деди у.
Элчихонамиз масъуллари қайд этганидек, Германияда истиқомат қилаётган ватандошлар томонидан ижро этилган миллий рақслар тадбирга алоҳида байрамона кайфият бағишлади. Маросим доирасида, шунингдек, ўзбек мусаввирларининг ижод намуналари жамланган кўргазма ташкил этилди.
Насиба Зиёдуллаева,ЎзА