Германияда “Бахтиёр оила” тадбири ўтказилди
Германия Федератив Республикаси Мюнхен шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 33-йиллигига бағишланган “Бахтиёр оила” лойиҳасининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди. Юздан зиёд иштирокчи, жумладан немис-ўзбек маданий ҳамжамиятлар раҳбарлари, ишбилармонлар, жамоат ташкилотлари вакилларини бир жойга жамлаган тадбирда ўзбек халқининг бой тарихий мероси, маданий ва маънавий қадрияти, шунингдек мамлакатдаги жорий ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар ҳақида батафсил сўз юритилди.
Иштирокчилар “Менинг танловим – обод ватаним” шиори остида ўтадиган Ўзбекистон Олий Мажлисига сайлов юзасидан етарли маълумотга эга бўлдилар. Олмон диёри вақтинча яшаб, ўқиб, хизмат қилаётган ҳамюртларимиз сайловда фаол иштирок этиш орқали демократик ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлашга тайёрликларини билдиришди.
Ўзбекистон мустақиллик йилларида эришган ютуқлар эътироф этилди. Меҳмонлар учун байрам дастурхони ёзилиб, концерт дастури намойиш этилди.
“Бахтиёр оила” лойиҳаси асосчилари Бегойим Содиқ ва Лобар Бобоева мазкур ташаббусдан кўзланган мақсад ўзбек анъаналарини асраш ва тарғиб қилиш, хусусан Германияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз бирдамлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборат эканини таъкидлади.
Азиза Алимова, ЎзА