Германия миграция инқирози сабаб чегара назоратини яна 6 ойга узайтирмоқда
Германия ҳукумати ноқонуний миграция оқимини чеклаш ва Европадаги беқарор вазият туфайли қўшни давлатлар билан чегарадаги назоратни яна олти ойга узайтиришни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда ГФР ички ишлар вазири Александр Добриндт баёнотига таяниб, “Bild” нашри хабар берди. Дастлаб 15 сентябрда якунланиши керак бўлган тасодифий текширув ва тартибот яна маълум муддат давом этади. Мулозим таъкидлашича, қитъанинг ташқи чегараларида юзага келаётган вазият ноқонуний миграцияни жиловлаш учун ички назоратни кучайтириш талаб этилмоқда.
Мазкур қарорга Испаниянинг Шимолий Африкадаги эксклави Сеута мухтор ҳудудида юзага келган оғир миграция инқирози сабаб бўлди. Июль ойи охирида ушбу шаҳарга Марокаш орқали ноқонуний мигрантларнинг кескин оқими кузатилиб, мамлакатга 72 000 га яқин одам кириб келишга уринган. Август ойига келиб, шаҳарда 10 000 атрофида муҳожир қолгани маълум бўлди. Афсуски, кўҳна қитъа ҳудудига денгиз орқали сузиб ўтишга уриниш чоғида камида 96 киши ҳалок бўлган. Шу боис Германия Европа Иттифоқи ички чегараларида хавфсизлик чорасини янада кучайтириш зарур, деб ҳисобламоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА