Германия Европа мудофаа тизимида етакчиликка интилаяпти(ми)?
ГФРнинг қайта қуролланиши ва Европанинг етакчи ҳарбий кучига айланишга интилиши қитъадаги сиёсий мувозанатни ўзгартирмоқда, деб ёзди “Politico” нашри.
Франция ўз таъсирини қандай сақлаб қолиш ва Польша янги вазиятдан қандай фойдаланиш ҳақида баҳслашаётган бир пайтда, таҳлилчилар Берлин ва Варшава ўртасидаги иттифоқ РФни “жиловлаш”нинг энг самарали воситаси бўлиши мумкинлигига шаъма қилмоқда.
Нашрга кўра, Германия мудофаа соҳаси учун миллиардлаб доллар сармоя киритмоқда.
– Мерц аниқ нимага эришмоқчи эканлиги ҳали ҳам номаълум, -дейди исми сир қолишини истаган европалик дипломатлардан бири “Politico”га интервью бераркан. – ГФР халқаро майдонда кенгроқ роль ўйнаши керак бўлади, аммо буни вақт кўрсатади.
Экспертлар фикрича, агар Берлин шимолий ва шарқий Европа иттифоқчилари билан ҳамкорликка эътибор қаратса, Париж Европанинг мудофаа архитектурасидаги марказий ўрнини йўқотиш хавфи остида. Расмий Варшава эса Германиянинг ҳарбий қудратини оширишни зарур ва узоқ вақтдан бери кутилган қадам деб ҳисоблайди.
2029 йилга келиб ГФР мудофаа учун йилига 153 миллиард евро, яъни мамлакат ЯИМнинг тахминан 3,5 фоизини сарфлашни режалаштирмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА