Германия делегацияси Қашқадарёда
Куни кеча Германия Федератив Республикасининг бир гуруҳ ҳукумат ва бизнес вакилларидан иборат делегацияси Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди. Меҳмонлар дастлаб Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти билан танишди.
Шундан сўнг, вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги масъуллар дегегация вакилларини қабул қилиб, “Fit for Climate” – немис бизнес иқлими учун халқаро иқтидорларни жалб қилиш пилот лойиҳаси юзасидан фикр алмашди.

Лойиҳани амалга ошириш учун вилоят ҳокимлиги томонидан лойиҳада иштирок этиш истагидаги контингентни саралаб олиш, немис тили курсларини ташкил этиш учун ўқув хоналар ажратиш ва иштирокчиларнинг малакасини аниқлаш учун ўқув амалий устахона ажратилишига келишиб олишди.
Таъкидлаш лозимки, “Fit for Climate” – немис бизнес иқлими учун келажак халқаро иқтидорларни жалб қилиш пилот лойиҳаси Германия парламентининг махсус қарорига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, ижроси Иқтисод ва иқлим ҳимояси Федерал вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ушбу лойиҳани амалиётга тадбиқ этиш учун Германия Бандлик агентлиги, Марказий ҳунармандчилик палатаси ва “Sequa” GmbH компанияси жалб этилган.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 2024-2027 йиллар. Лойиҳадан кўзланган мақсад Германия давлати учун зарур бўлган малакали мутахассисларни Ўзбекистондан саралаб олиш ва кафолатланган иш билан таъминлаш. Мазкур лойиҳани молиялаштириш тўлиқ немис ҳукумати томонидан амалга оширилади ва у қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

Лойиҳада иштирок этиш истагидаги ўзбек фуқароларини очиқ ва шаффоф шаклда танлаб олиш; иштирокчиларни немис тили курсларига Б1 даражасигача бепул ўқитиш; лойиҳа иштирокчиларига қайтариб бермаслик шарти билан стипендия тўлаш; ўзбек дипломларини Германияда бепул нострификация қилиб бериш; немис компаниясига ишга жойлашиш учун кўмаклашиш; виза олишга кўмаклашиш; Германияга бориш харажатларини қоплаб бериш; Германияда яшаш учун узоқ муддатли виза олишга кўмаклашиш; Германияда қўшимча малака олиш харажатларини қоплаб бериш; интеграция жараёнларига кўмаклашиш.
Ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун немис томони Ўзбекистоннинг профессионал таълим тизимининг қуйидаги йўналишларини тамомлаган 20-40 ёш оралиғидаги фуқароларни жалб қилиш таклифини бермоқда. Булар қурилиш ишларида пардозчи, том ёпувчи, электрик, кўп қаватли бинолар қуриш бўйича малакали ишчи, металл бўйича ишчи, сантехника, иситиш ва кондиционер бўйича механик ва дурадгор.

Делегация ташриф якунида Қарши коммунал хўжалиги коллежида бўлиб, у ердаги устахона фаолияти билан танишди.
Маълумот ўрнида: жорий йилнинг 9 июль куни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги масъуллари Германия Федератив Республикасининг “Немис ҳунармандлари марказий уюшмаси” вакиллари билан вилоятдаги малакали ўрта бўғин кадрларни Германиянинг нуфузли компанияларига ишга юбориш бўйича мулоқотлар ўтказган эди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири