Германия билан ҳамкорлик Ўзбекистон тўқимачилик саноатига янги имкониятлар очмоқда
Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини ошириш, соҳада замонавий билим ва технологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасида Германия билан ҳамкорлик доирасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Германиянинг “Gesamtmasche” ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилаётган “GUZ Partners” лойиҳаси ҳам ана шу мақсадларга қаратилган бўлиб, келгуси уч йил давомида Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарининг халқаро таъминот занжирларидаги иштирокини кучайтириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.
Лойиҳа доирасида, аввало, Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг мавжуд салоҳияти ва корхоналарнинг халқаро бозор талабларига мослашуви масалаларига эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда германиялик экспертлар иштирокида давлат ташкилотлари, таълим муассасалари ҳамда 50 дан ортиқ тўқимачилик корхоналари билан учрашувлар ўтказилди. Мулоқотлар давомида соҳанинг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва халқаро бозор талабларига мослашиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири тўқимачилик саноати учун малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг амалий кўникмаларини оширишдир. Шу сабабли, 30 дан ортиқ мутахассис учун бўяш ва пардозлаш технологиялари ҳамда экспортни ривожлантириш йўналишларида “Train-the-Trainer” дастури доирасида амалий семинарлар ташкил этилди. Машғулотларда замонавий ишлаб чиқариш усуллари, технологик жараёнларни такомиллаштириш ва экспорт жараёнларини самарали ташкил этиш бўйича тажрибалар ўрганилди.
Германия билан ҳамкорлик доирасида маҳаллий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган амалий мулоқотлар ҳам кенгайтирилмоқда. Жумладан, “TextileExpo Uzbekistan Spring 2026” кўргазмаси доирасида 20 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва брендлар билан учрашувлар ўтказилиб, маҳсулот сифати, экспорт географиясини кенгайтириш, барқарор ривожланиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шуки, унга асосан замонавий рақамли технологиялар ва янги бизнес ёндашувларини соҳада кенг жорий этишдир. Шу боис аёл тадбиркорлар ва тўқимачилик соҳаси мутахассислари учун сунъий интеллект, рақамли технологиялар, бизнес юритиш ва коммуникация йўналишларида амалий тренинглар ташкил этилди.
Уюшма ахборот хизматининг маълумотига кўра, экспорт салоҳиятини ривожлантиришда халқаро маркетинг тажрибасидан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро маркетинг эксперти Свен Эрискат иштирокида соҳа мутахассислари учун махсус семинарлар ўтказилиб, унда халқаро бозорда маркетинг стратегияларини қўллаш, маҳсулотларни самарали тарғиб қилиш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Германия билан ҳамкорлик фақат ишлаб чиқариш ва экспорт йўналишлари билан чекланиб қолмай, тўқимачилик таълими ва дизайн соҳасини ривожлантиришни ҳам қамраб олмоқда. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида мода ва текстил дизайни бўйича халқаро эксперт Роберт Херсог иштирокида дизайнерлар, профессор-ўқитувчилар, корхона мутахассислари ва талабалар учун беш кунлик халқаро ўқув семинари ташкил этилди. Унда замонавий дизайн ёндашувлари ва жаҳон мода индустриясидаги тенденциялар бўйича тажриба алмашилди.
Умуман, “GUZ Partners” лойиҳаси доирасида Германия тажрибаси ва халқаро экспертлар салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг турли бўғинларида амалий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда. Корхоналар билан ишлаш, мутахассислар малакасини ошириш, замонавий технология ва рақамли ечимларни жорий этиш, маркетинг ва дизайн йўналишларини ривожлантириш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Бу эса Германия билан йўлга қўйилган ҳамкорлик Ўзбекистон тўқимачилик саноати учун нафақат янги билим ва тажриба, балки халқаро бозорларга чиқиш, янги шериклик алоқаларини ўрнатиш ва экспорт салоҳиятини янада ошириш учун муҳим имкониятлар яратаётганини кўрсатади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА