Гендер тенгликка эришиш стратегияси қандай бажарилмоқда?
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида дастурда белгиланган вазифаларнинг бажарилиш ҳолати масъул ташкилотлар кесимида атрофлича кўриб чиқилиб, амалга оширилган ишларнинг амалий натижаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, оммавий ахборот воситаларида гендер стереотипларидан холи образларни шакллантириш, хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, давлат харидларига гендер мезонларини жорий этиш ҳамда раҳбарлик лавозимларида аёллар улушини кўпайтириш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Рақамли зўравонликнинг олдини олиш, ота-оналарнинг бола парваришидаги тенг масъулиятини рағбатлантириш, оилага йўналтирилган меҳнат сиёсатини жорий этиш, хотин-қизларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, уларни илм-фан, стартаплар, спорт ва ахборот технологиялари соҳаларига кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Дастур доирасида хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг таълим олиши, рақамли кўникмаларини ривожлантириш, раҳбарлик салоҳиятини юксалтириш ҳамда гендер тенглик тамойилларини давлат бошқаруви амалиётига кенг жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган.
Дастур ижроси доирасида муайян ижобий натижаларга эришилганига қарамай, айрим йўналишларда вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, ишлаб чиқилаётган таклифларни якуний босқичга етказиш зарурлиги таъкидланди.

Давлат харидлари жараёнларига гендер тенглик мезонларини интеграция қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш, оммавий ахборот воситаларида гендер стереотипларидан холи образларни шакллантиришга қаратилган ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ҳамда гендер масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.
Мажлис якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини жадаллаштиришга қаратилган қўмита қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА