Газли ширин ичимликлар истеъмоли натижасида қандли диабет касаллигининг келиб чиқиш эҳтимоли юқори
Бугунги кунда рангли газли ичимликлар деярли ҳар бир хонадонга кириб келган. Дўкон расталарида турли хил ранг ва таъмдаги ичимликлар кўзга ташланади, уларни айниқса, ёшлар ҳамда болалар севиб истеъмол қилади. Аммо уларнинг мазали ва чиройли кўриниши ортида соғлиқ учун шундай таъсирлар яширинганки, бу ичимликлар қондаги шакар миқдорини оширади.
Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Ақида Носирова инсон организми учун сувнинг аҳамияти, минерал ва табиий газланган сувларнинг фойдалари, сунъий газли сувларнинг зарарлари ҳақида батафсил маълумот берди:
– Инсон танасидаги сув миқдори 45-75 фоизни ташкил этгани сабабли етарли миқдорда сув ичиш организм учун жуда муҳим. Аммо кўпчилик танаги сув балансини мувозанатда ушламайди. Тоза сув танадаги суюқлик етишмаслигини тўлдиради, касалликларни енгишда кўмаклашади. Қаҳва, газли сув, шакарли шарбат каби баъзи ширин ичимликлар эса, аксинча, зарарли бўлиши мумкин.
Табиий газланган сувлар қадим замонлардан маълум бўлиб, табиблар улардан даволаш мақсадларида фойдаланиб келган. XVIII асрда минерал сувлар шиша идишларга қуйилиб, сотила бошланди. Бироқ, у анча қиммат бўлиб, қолаверса, жуда тез ўзгарар эди. Шу боисдан ҳам, кейинчалик, бу сувларни сунъий равишда газлаштиришган.
Газланган ширин ичимликлар танани электролитлар билан бойитади. Шу туфайли уларни мутлақ зарарли деб бўлмайди.
Карбонат ангидрид консервант ҳисобланади ва қадоқларда Е290 сифатида белгиланади. Газланган ичимликлар таркибига кирувчи натрий бензоат озиқ-овқат маҳсулотларида консервант сифатида қўлланилади. Натрий таркибли консервантлар организмдаги калий миқдорини камайтиради. Ширин газланган ичимликлар таркибидаги шакар ва кислота эса, тиш эмал қатламини парчалайди. Кариес тиш илдизи, негизи ва асаб толасига етганида тиш парчаланади.
Аксарият ширин газланган ичимликлар таркибида маккажўхори сиропи кўп миқдорда бўлиб, у иккинчи типдаги қандли диабет ёки юрак билан боғлиқ хасталикларни келтириб чиқаришга сабаб бўлиши мумкин. Газли ширин ичимликлар истеъмолини севувчиларнинг 80 фоизида қандли диабетни орттириш эҳтимоли юқори бўлади.
Кучли газланган ширин ичимликлар катта миқдорда фосфор кислотасини ҳам ўзида сақлайди. Бу кислота буйракда тош пайдо бўлиши, суяк билан боғлиқ муаммоларга олиб келади. Бу кислота таъсирида суяклар мўртлашади ва остеопороз ривожлантириши мумкин. Пешоб билан танадан чиққан фосфор кислотаси ўзи билан кальций ва бошқа фойдали минералларни олиб чиқади.
Семириш ва ширин газли ичимликлар ўртасидаги боғлиқлик турли тестлар ва синовлар натижасида аллақачон исботини топган. Бир стакан ширин газли ичимлик ичгач, қон таркибидаги шакар миқдори ошади, жигар эса углеводларни ёғга айлантиради.
Шу ўринда энергетик ичимликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтишимиз жоиз.
Алкоголсиз қувват ичимликлари унчалик ҳам хавотирли эмасдек туюлади. Чунки, таркибида кофеин, шакар, таъм берувчи қўшимчалар ва витаминлар бор. Бироқ ичимлик хавфи ушбу моддаларнинг концентрациясидадир. 300 миллилитрли ичимликда кўп миқдорда, аниқроқ айтганда, 7 финжон қаҳвадагидек кофеин бўлади, бу асаб тизими, юрак-томир тизимига жиддий зарба ҳисобланади. Бундан ташқари, улар таркибида кўмир кислотаси бўлган кучли газланган ичимлик ҳамдир. Яна бир жиҳатни ҳам тан олиш керакки, кучли газланган ичимликларни ишлаб чиқарувчилар хавфсиз истеъмол миқдорини ҳам ёрлиқларда маълум қилишади. Лекин, истеъмолчилар, табиийки, бунга амал қилмайди.
Европа Комиссияси ва Озиқ-овқат бўйича тадқиқот маълумотларига кўра, Ўзбекистонда эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ алкоголсиз газли ичимликларни истеъмол қилади (мос равишда 62 фоиз ва 44 фоиз), лекин аёллар орасида эркакларга нисбатан семириш ҳолатлари кўп учрайди.
Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида ичимликлардаги шакарга янги солиқни (акциз маркаси) жорий этиш, аввалo, семириш ва қандли диабет касалликларининг сабабларини аниқловчи илмий таҳлил ва тадқиқот ўтказишни талаб қилади.
Газли ширин ичимликлар таркибига кирувчи бўёқлар, ширинлаштирувчи моддалар, ароматизаторларнинг меъёрлари Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 2026 йилдан кучга кирган халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган “Озиқ-овқат қўшимчаларига ва улардан фойдаланишга ҳамда озиқ-овқат қўшимчаларини тамғалашга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари” 0098-25-сон СанҚваН да белгилаб қўйилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА