Газ тармоқлари модернизация қилинмоқда
Бугунги кунда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали томонидан вилоят бўйлаб табиий газ тизимида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Наманган шаҳри ҳамда Янги Наманган туманида 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида Оби ҳаёт, Меҳрибонлик, Равнақ ва Нурафшон маҳаллаларига тортилган газ тармоқлари тартибга солинди. Эскирган газ қурилмалари демонтаж қилиниб, ўрнига “РДУК-100” русумли ўрта босимли газ тақсимлаш қурилмаси ўрнатилди.

Янги Наманган тумани аҳолисини табиий газ билан таъминловчи Давлатобод тумани Нуробод даҳасида жойлашган “Наманган-1” газ тақсимлаш станциясининг биринчи тармоғида эса эскириб кетган, диаметри 300 мм. бўлган иккита газ тамбалагичи янгисига алмаштирилди. Шунингдек, туманнинг “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “РДУК-50” русумли газ тақсимлаш қурилмаси янгисига алмаштирилди.
Бундай техник модернизация ишлари натижасида табиий газни тежаб, таъминотда юзага келиши мумкин бўлган узилишларнинг олди олинади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА