Газ таъминотида узилиш бўлмайди
Қорақалпоғистон Республикасида аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида “Шимолгазтаъминот” унитар корхонаси томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Қишнинг изғиринли кунларида одамларнинг саломатлиги, меҳнат самарадорлиги кўп жиҳатдан уйлар, иш жойлари, таълим ва тиббиёт муассасаларининг иссиқлик билан қай даражада таъминланганлигига боғлиқ. Қорақалпоғистон Республикасида аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида “Шимолгазтаъминот” унитар корхонаси томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 июндаги Республика иқтисодиёти тармоқларини 2014-2015 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларга узлуксиз табиий газ етказиб бериш учун корхона тасарруфидаги 12 минг 247 километр газ тармоқлари, 6 мингдан ортиқ газ тақсимловчи ускуналарнинг созлиги кўздан кечирилиб, зарур жойларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 15,2 километр газ тармоғида реконструкция ишлари бажарилиб, 8 километри капитал таъмирланди. 300 километрга яқин масофадаги ерости газ қувурларининг ҳолати текширувдан ўтказилди.
Табиий газ етиб бормаган чекка ҳудудлардаги хонадонларни босқичма-босқич суюлтирилган газ билан таъминлаш режаси ишлаб чиқилиб, шу кунга қадар 14 минг 62 хонадонга суюлтирилган газ етказиб берилди. Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида туманлардаги газ тармоқлари идораларида 39 газ баллонларини сақлаш ва тарқатиш омборхонаси, еттита сервис маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Кегейли тумани газ тармоқлари идораси ҳам қиш мавсуми тадоригини кўриб, 11 минг 500 дан зиёд хонадон ва 181 корхона ҳамда ташкилотга узлуксиз табиий газ етказиб бермоқда.
– Қишнинг қировли кунларида газ таъминотида узилишларнинг олдини олиш мақсадида ерости ва ер усти газ қувурлари тўлиқ текширувдан ўтказилди, – дейди туман газ тармоқлари идораси раҳбари Сейпатдин Низамов. – Мавжуд 382 газ тақсимловчи ускуналар техник кўрикдан ўтказилди.
Табиий газ етиб бормаган хонадонларга Қозонкетган, Халқобод ва Кегейли шохобчалари орқали узлуксиз суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.