Газ таъминотида онлайн бошқарув назорат ва самарадорлик омилидир
Бугунги кунда рақамлаштириш жараёнлари барча соҳаларда бўлгани каби газ таъминотини ҳам қамраб олмоқда. Бу эса аҳолини табиий газ билан таъминлаш, авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш ва хизмат кўрсатиш сифати ошишига хизмат қиляпти.
Айни пайтда тизимда “ArcGIS Enterprise Advanced” онлайн бошқарув дастури йўлга қўйилиб, табиий газ таъминоти объектларини бошқариш ва назорат қилиш жараёнлари тўлиқ рақамли шаклга ўтказилмоқда.
Мазкур тизим орқали газ тармоқлари, улардаги ускуналар ва инфратузилма объектлари ҳақидаги барча маълумотлар ягона электрон платформага жамланади. Бу эса соҳа мутахассисларга ҳақиқий вақт режимида маълумот алмашиш, жорий ҳолатни таҳлил этиш ва тезкор қарорлар қабул қилиш имконини беради.

“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалида ҳам ушбу замонавий ёндашув самарали жорий этилган. Соҳа мутахассислари “Arc GIS Enterprise Advanced” иловаси орқали кун давомида бажарган ишлари тўғрисидаги маълумотларни “ArcGIS HGT онлайн бошқарув” тизимига юклаб бормоқда. Бу эса иш жараёнларининг шаффофлиги ва назорат қилинишини таъминлайди.
Кармана туманида ҳам туман газ таъминоти бўлими ишчи-ходимлари айни шу онлайн бошқарув тизими орқали иш фаолиятини олиб бормоқда. Туманда 39 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларга 17 нафар чилангар бириктирилган.

– Мазкур илова орқали чилангарларнинг кун давомидаги бажараётган ишини кўриш ва таҳлил қилиш имкони яратилди, – дейди “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими мутахассиси Элдор Нарзиев. – Шу билан бирга ўша ҳудудда авария, газ сизиб чиқиш ҳолатлари мавжуд бўлса, буни зудлик билан бартараф этиш имконияти ошди. Бугунги кунгача ҳар бир чилангаримиз мазкур онлайн дастур орқали 14 тадан газ тақсимлаш қурилмаси ва газ қувурларини техник назорат қилиш ишларини бажарди. Ҳар бир қилинган иш иловага юкланади ва бу тизимда шаффофликни ҳам таъминлашга хизмат қилмоқда.
Охун Давронов тумангаз газ таъминоти бўлими чилангарларидан бири. Унга тумандаги Деҳқон, Зиёкор, Мир Саид Баҳром маҳаллалари бириктирилган. Чилангар мобил қурилма орқали онлайн дастурга киритиб, ўзига топширилган вазифани бажаради. Техник назоратдан ўтган газ қувурлари ва газ тақсимлаш қурилмалари бўйича маълумотни эса иловага юклайди. Бу эса О.Давроновни айни бугун ва манзилли ҳолда нима иш билан банд бўлгани ҳамда унинг натижасини кўрсатиш имконидир. Бу дастур ходимни ишга бўлган масъулиятини янада оширади, қолаверса, самарадорликка ҳам хизмат қилади.

– Менга бириктирилган ҳудудда 28 та газ тақсимлаш қурилмаси мавжуд, – дейди О.Давронов. – Шу билан бирга 14,2 километр газ қувурларини назорат қилиш ишларини ҳам олиб борамиз. Илова орқали кунлик ишимиз ва самарадорлик кўриниб туради. Бу эса ўз устимизда ишлашни, янада фаол ва масъулиятли бўлишимизни тақозо этади.
Назорат, аниқлик, холислик ва шаффофликка таянган мазкур онлайн бошқарув тизими пировардида аҳолига табиий газни бир маромда етказиш, йўқотишлар олдини олиш, хизмат сифатини янада оширишга эришилади. Бу эса истеъмолчи манфаатини кўзда тутгани билан аҳамиятлидир.
А. Бўриев, ЎзА мухбири