“Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби очилди
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида техника олийгоҳларида муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада кучайтириш бўйича муҳим вазифалар муҳокама қилинганди.
Жумладан, олийгоҳларда “Илғор муҳандислик мактаблари” ташкил этиш, ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида юқори малакали янги авлод муҳандисларини тайёрлаш вазифалари белгилаб берилди.
Мана шу топшириқлар ижроси доирасида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ ҳамкорлигида “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мактабнинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ масъул ходимлари, вилоят ҳокими, олий таълим муассасалари ректорлари, “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ раҳбарияти, ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
[gallery-19723]
Келгусида ушбу мактабда саноат ҳамкорларининг эҳтиёжлари ва атроф-муҳит талабларини ҳисобга олган ҳолда юқори ва кўп тармоқли технологияларни ўзлаштирган, ўзгарувчан муҳитга мослашиш қобилиятига эга, креатив ва ташаббускор, ҳамкорлик ва жамоавий ишлашга қодир бўлган, “муҳандис-тадқиқотчи” кўникмасига эга юқори малакали янги авлод муҳандис кадрлар тайёрланади.
“Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ ҳудудида жойлашган муҳандислик мактабининг замонавий ўқув биносидаги 4 та амалий машғулотлар хонаси, ахборот-ресурс маркази, заводдаги марказий лаборатория, электр таъминоти цехи электротехника лабораторияси, метрология хизмати қиёслаш лабораторияси ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси хизмати эко-аналитик лабораторияси таълим олувчилар ихтиёрида. Улар икки йил давомида нефть ва газни қайта ишлаш технологияси, электр таъминоти ва кимёвий технология мутахассисликлари бўйича тайёрланади.
Талабаларга ҚарМИИ ҳамда Малайзиянинг Петронас технологиялар университети, Германиянинг Дрезден техника университети, Россиянинг Томск техника университети, Беларусь миллий техника университети профессор-ўқитувчилари, корхонанинг тажрибали мутахассислари таълим беради.
Мактабнинг ўқув-услубий таъминоти жаҳондаги ТОП-300 университетларнинг чуқурлаштирилган модулли ўқув дастурлари, ўқув режалари, хорижда чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар, илғор педагогик технологиялар мажмуаси билан бойитилган.
2024-2025 ўқув йилининг ўзида 24 нафар магистр, 6 нафар ёш олим ва докторантлар илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш, корхонанинг илмий технологик муаммолари бўйича жами 3 миллиард сўмлик 3 та илмий лойиҳа бажарилиши режалаштирилган. 2025-2026 йилларда эса 20 дан ортиқ магистрлик ва 3 та докторлик диссертациялари ҳимоя қилинади, 2 та инновацион ишланма ишлаб чиқаришга жорий этилади. ШГКМ ва ҚарМИИ олимлари ҳаммуаллифлигида 2 та илмий ихтирога талабнома топширилади. 10 дан ортиқ мавзуларда илмий технологик муаммоларнинг муҳандислик ечимлари ишлаб чиқилади.
– Биз бу ерда биринчи навбатда, магистрлардан иборат гуруҳни шакллантирдик, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Бозоров. – Улар иштирокида институт ва корхона мутахассислари томонидан дуал таълим асослари йўлга қўйилади, замонавий лабораторияларда илмий тадқиқот ишлари олиб борилади, биргаликда корхонанинг иш жараёнидаги муаммоларини бартараф этиш чоралари кўрилади. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси иқтидорли ёшларнинг ва ёш олимларнинг ўз салоҳиятини янада кенг намоён этиши, ўз устида ишлаши, илмий тадқиқот ишларини изчил амалга ошириши учун катта имкониятлар яратади. Натижада юртимиз иқтисодиёти тобора ривожланади. Ёшларнинг ўз билими, маҳоратига бўлган ишончи, қатъияти ортади. Профессор-ўқитувчиларнинг масъулияти, янгиликларни ўзлаштириш ва таълим тизимида жорий этишга бўлган интилиши янада кучаяди.
Шунингдек, тадбир доирасида “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан ўтказилган стипендиялар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда ёш олимларнинг илмий тадқиқот ишлари тақдимотлари намойиши ташкил этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари