Газ ҳисоблагичлар “ақлли”сига алмаштирилмоқда
Навоий вилоятидаги 2 минг 494 та улгуржи истеъмолчиларда 3 минг 249 та ҳисоблагичлар мавжуд. “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали метрология хизмати ходимлари томонидан 2023 йилнинг ўтган март ойида улгуржи истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичларидаги кўрсатгич ва архив маълумотлари олиниб таҳлил қилинди.
Натижада улар томонидан 37 миллион 848 минг 926 метр куб табиий газ ишлатилганлиги аниқланиб, белгиланган тартибда https://billing.hududgaz.uz дастурига киритилди. Шунингдек, вилоятда мавжуд бўлган 41 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларга ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускуналари архив маълумотлари давлат стандартлари асосида қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шу асосида филиал фойдасига 86 минг 168 метр куб табиий газ ҳажмлари ҳисобланиб, белгиланган тартибда дастурга киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 августдаги “Республика истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида вилоятда мавжуд иш фаолиятида бўлган масофадан онлайн режимда автоматик тарзда ўчириб-ёқиш имкониятига эга бўлмаган 2 минг 231 та клапансиз ҳисоблаш ускуналари тўлиқ замонавий “ақлли” ҳисоблагичларга алмаштирилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда жами 52 та йирик ҳудудлар ташкил этилган. Мазкур ҳудудларга 59 та электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилиши таъминланди.
– Мазкур йирик ҳудудларга ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускуналарининг метрологик талаблар асосида ишлашини таъминлаш мақсадида ҳозирда носоз ҳолатда бўлган ҳисоблагичларни соз ҳолатга келтириш ҳамда давлат қиёслаш кўриги муддати тугаган ҳисоблаш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали етакчи муҳандиси Маҳмуд Кенжаев. – Ҳозирда йирик ҳудудларга ўрнатилган 59 та йирик ҳудудлардаги электрон газ ҳисоблаш ускуналарининг 41 таси носоз ҳолатда эканлиги аниқланди. Ушбу ҳисоблаш ускуналари ечиб олиниб, соз ҳолатга келтириш ва Давлат қиёслов кўригидан ўтказиш учун махсус устахонага тақдим этилган. Шунингдек, ҳозирги кунда махсус устахоналарга топширилган 49 та ҳисоблаш ускуналаридан 35 таси нуқсон далолатномалари расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда корпорацион биржага тақдим этилган.
Филиалнинг метрология хизмати ходимлари томонидан мазкур йўналишлар бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА