Газ баллонлари оғир қолдиқдан тозаланмоқда
Бухоро вилоятида “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан жорий йилда 17 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб бериш белгиланган.
Совуқ об-ҳаво вақтида суюлтирилган углеводородли газнинг бир қисми оғир қолдиққа айланади ва ёнувчанлигини йўқотади. Шу боис ундан фойдаланиш тақиқланади. “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалининг “Ромитан”, “Қоракўл” ҳамда “Вобкент” газ тўлдириш шохобчаларида газ баллонида ҳосил бўлган оғир қолдиқларни тўкиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Жорий йилнинг бугунги кунига қадар жами 94 минг донадан ортиқ маиший газ баллонларидан 35 тоннага яқин оғир қолдиқ тўкиб олинди, – дейди газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Азиз Расулов. – Шундан, “Ромитан” газ тўлдириш шохобчасида 31 минг донадан ортиқ маиший газ баллонларидан 16 тонна, “Қоракўл” газ тўлдириш шохобчасида 31 минг дона маиший газ баллонларидан 70 тонна оғир қолдиқ тўкиб олинди.
“Вобкент” газ тўлдириш шохобчасида эса бугунга қадар 33 минг донага яқин маиший газ баллонлари 12 тоннадан ортиқ оғир қолдиқдан тозаланди. Оғир қолдиқни тўкишда ҳар бир маиший газ баллони аввал тарозида ўлчанади. Оғир қолдиқдан бўшатилгач, яна тортилиб, сўнгра махсус китобга қайд этиб борилади. Ходимлар томонидан газ баллонларини етказиб бериш жараёнида ҳосил бўлувчи оғир қолдиқни ўзбошимчалик билан тўкиш мумкин эмаслиги, уни тўкиб олувчи махсус жойлар ва ускуналар борлиги фуқароларга тушунтирилмоқда.
Баъзи истеъмолчилар ўзбошимчалик билан маиший газ баллонидаги оғир қолдиқларни тўкиб олишга уринишади. Бу эса турли бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир истеъмолчи газ баллонидан фойдаланганда хавфсизликка риоя қилиши шарт.

Газ таъминоти томонидан аҳоли учун яратиладиган ҳар қандай имконият бугун уларнинг яшаш тарзини ижобий томонга ўзгартиришга ҳамда фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Шундай экан, фуқаро қулайликлардан тўғри ва ўринли фойдаланса бас, хавфсизлиги ҳам таъминланади.
Зариф Комилов,
ЎзА