“Гар нолисам, Яратганга маломатдир...”
Инсон дунёга келаркан, одатда эл-юртга нафи тегишини, кишиларга яхшилик қилиш, бир сўз билан айтганда, беш кунлик дунёда муносиб яшашни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Шу йўлда турли қийинчилик ва машаққатларни енгиб ўтади, муаммо-ю тўсиқларга оқилона ечим топишга ҳаракат қилади. Аслида ҳам, инсоннинг ўзлигини топиши, зоҳиран эзгуликка мойиллиги шу саъй-ҳаракатларда намоён бўлади.
Қирқни қоралаб қўйган, 4 нафар фарзанднинг меҳрибон отаси – Фарғона вилояти Фарғона туманидаги Водил қишлоғилик Азимжон Ҳакимов 12 ёшида хасталик туфайли чап оёғидан айрилган. Лекин ҳаёт синовлари олдида таслим бўлмаган ва келажакка катта умидлар боғлаган бу инсон ўз орзулари ва фаровон ҳаёти учун курашди. Ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг Фарғона шаҳар имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежида пойабзал устачилиги йўналиши бўйича таълим олди.
– Йигирма йилдан буён пойабзал таъмирловчи уста сифатида фаолият юритаман, ўз касбимни яхши кўраман. Мақсадим – инсонларга қандай бўлмасин, нафим тегса, дейман. Бу ишим орқали маҳалла-кўй ва ён-атрофдаги ҳудудларда мени яхши танишади, – дейди уста.
Тўғри, ҳаётда турфа қийинчиликлар ва тўсиқлар юз кўрсатиши мумкин. Бу синовлардан матонат ва сабр орқали, шараф билан ўтиш унча-мунча одамнинг қўлидан келмайди. Атрофимизда тўрт мучаси соғ бўла туриб, бировнинг қўлига қараб ўтирадиганлар, боқимандалик кайфиятидан қутулолмаётганлар ҳам топилади. Бундай вазиятда қолмаслик учун, энг аввало, “Бу ҳаётга нима учун келдим, менинг ўрним қандай?” деган саволларга ўзидан, онгу шууридан жавоб ахтариши керак инсон. Зеро, ҳаёт фалсафаси мукаммалликка томон йўналтирилган шахс учун енгиб бўлмас тўсиқнинг ўзи йўқ.
– Уйда иккита сигирим ва товуқларим бор. Уларга ўзим қарайман, ундан сўнг катта иштиёқ билан устахонамга отланаман. Ҳар куни турфа феълли мижозлар билан мулоқот қилишга тўғри келади. Энг аввало, улар билан яхши муомала қилиб, хизматимни сифатли бажаришга интиламан. Кунлик даромадим ҳам ёмон эмас. Ҳаётимдан мингдан-минг розиман, нолиш, дардини дастурхон қилиш мен учун бегона, – дейди Азимжон Ҳакимов.
Устачилик, уйдаги хўжалик юмушларидан ортиб, футбол ўйнашга ҳам вақт топадиган қаҳрамонимиз Фарғона шаҳрида ташкил этилган ногирон-ампутантлар жамоасининг аъзоси ҳисобланади.
– Жамоамиз аҳил-иноқ, биз турли мусобақаларда қатнашиб, ғолиб ва совриндор бўлганмиз. Футбол менга завқ бағишлайди. Гарчи ёшим катта бўлса ҳам, шерикларим билан тенгма-тенг югуришга интиламан. Мутасаддилар томонидан протез беришган, лекин мен учун ҳасса қулайроқ, – дейди у.
Фарғона тумани ҳокимлиги ва “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини кўмаги билан маҳалла марказидан устахона ташкил қилиш учун Азимжон Ҳакимовга жой ажратиб берилди. Ҳозирда банкдан олинган 10 миллион сўм кредит эвазига бу хонани таъмирлаш ишларини якунлаётган уста келажакда ўз касбини қизиққан ёшларга ўргатиб, шогирдлар етиштириш ва устахона фаолиятини кенгайтириб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ниятида.
Инсон қадри устувор бўлган юртимизда ҳеч ким эътибордан четда эмас. Бу халқчил сиёсатнинг ёрқин намунаси сифатида Президентимизнинг жорий йил 22 март куни “Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида” фармонига мувофиқ Азимжон Ҳакимов “Жасорат” медали билан тақдирланди.
Юксак мукофотни олиш инсонга ифтихор билан бир қаторда, шу унвонга муносиб бўлиш масъулиятини ҳам юклайди. Буни теран англаган этикдўз уста давлат раҳбаридан ва унга ҳар томонлама кўмак бериб келаётган мутасадди ташкилотлардан миннатдор эканини, келажакда ўз меҳнати орқали бу ишончни оқлашга баҳоли қудрат ҳаракат қилишини бот-бот таъкидлайди.
М.Сулаймонов, ЎзА