Шу кунларда Покистоннинг Файсалобод шаҳрида гандбол бўйича U-17 ва U-19 қизлар жамоалари ўртасида Халқаро гандбол федерацияси (IHF) кубогининг III Марказий Осиё босқич мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
U-17 биринчилиги мусобақаларида Ўзбекистон, Покистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон жамоалари кураш олиб бораётган бўлса, U-19 мусобақаларида Ўзбекистон, Покистон, Тожикистон, Мўғулистон, Туркманистон етакчиликка даъвогарлик қилмоқда.

III Марказий Осиё босқичининг кеча ўтказилган илк учрашувида Ўзбекистон U-17 жамоаси Қирғизистон терма жамоаси билан рўбарў келди. Ҳамюртларимизнинг рақибаларига нисбатан ҳар томонлама кучли эканликлари натижада ўз аксини топди. Гандболчиларимиз 61:18 ҳисобида зафар қучди. Ўзбекистон U-19 терма жамоаси биринчи ўйинини Мўғулистон терма жамоасига қарши ўтказди. Ушбу қарама-қаршиликда терма жамоамиз 53:12 кўринишида ғолибликка эришди. Мазкур ўйинда гандболчи қизимиз Сўнажон Шарипбоева учрашувнинг энг яхшиси, дея эътироф этилди.


Бугун, 23 апрель куни мусобақанинг навбатдаги тур баҳслари бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон U-17 жамоаси Туркманистон билан, Ўзбекистон U-19 гандболчилари Покистон U-19 жамоаси билан тўқнаш келади.


Файсалободдаги мусобақаларни бошқариб боришда ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакамлар Заҳро Аллаёрова ва Севара Раззоқбергенова иш олиб бормоқда.
IHF кубоги III Марказий Осиё босқич ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари 26 апрель куни аниқланади.
Т. Рўзиев, ЎзА