Ғалладан бўшаган ерлардан унумли фойдаланилмоқда
Бухоро вилояти Қоракўл тумани фермерлари ғалла мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиб, улкан хирмон яратди. Айни кунларда ўрилган ғаллазорларни сомондан тозалаш, шудгорлаш тадбирлари давом этмоқда.
Туманда яшовчи кам таъминланган моддий кўмакка муҳтож хонадонларга бепул буғдой, прессланган сомон тарқатилмоқда. Такрорий экин экиш учун ер майдонлари ажратилмоқда.
Муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳозирга қадар 5847 хонадонга 117 минг дона сомон-пресс шунингдек, 1,5 минг тонна сара буғдой тарқатилди. Булардан ташқари, ушбу тоифадаги хонадонларнинг ҳар бирига такрорий экин экиш, рўзғор кам-кўстини қоплашлари учун 20-30 сотихдан ер майдони ажратилмоқда.

– Шу орқали маҳалламиздаги “Темир”, “Аёллар” ҳамда “Ёшлар” дафтарларида турган кам таъминланган, моддий мададга муҳтож оилаларга далада меҳнат қилиб, даромад топишлари учун шароит яратиб берилмоқда, – дейди “Полвонлар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Малика Ражабова.

Бу жараёнда туман ҳокимлиги вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳлари томонидан экин ерини фермер хўжаликлари томонидан тайёрлаб, суғориб, ҳайдаб берилиши каби юмушлар ҳам алоҳида назоратга олинган.

Маълумот учун, жорий йилда туманда эртанги экинлардан ва ғалладан бўшаган жами 5 915 гектар ер майдонида такрорий сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан бирга, чорва моллари учун талаб қилинаётган захирани тайёрлаш мақсад қилинган. Унинг 4329 гектарини айнан моддий кўмакка муҳтож аҳоли қатламига ажратиш назарда тутилган.
Зариф Комилов,
ЎзА