Ғалла –2022: мавсумга тайёргарлик
Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида 2022 йил ҳосили учун етиштирилган ғаллани нес-нобут қилмасдан ўриб-йиғиб олиш юзасидан амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев, Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи З.Мирзаев, вилоят ва туман сектор раҳбарлари, фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар бўлимлари, “ТСТ cluster” МЧЖ, ўрим мавсумига масъул бўлган мутасаддилар, отрядлар раҳбарлари ва комбайн операторлари қатнашди.

2022 йил ҳосили учун вилоятда уруғлик дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ҳамда агрокластерларнинг 6 минг 169 гектар ғалла майдонларини дала апробациясидан ўтказиш бўйича 45 та апробаторлар жалб қилинган. 1 та апробаторга ўртача 137 гектар майдон тўғри келмоқда. Семинарда отряд раҳбарлари ва масъулларга ғалла ўрими мавсумининг ўзига хос жиҳатлари, унга пухта ҳозирлик кўриш, техникалар шайлиги, донни қабул қилиш пунктларининг ҳозирлиги, транспорт таъминоти ва ташувни ташкил этиш бўйича зарур вазифа ва тавсиялар берилди.

Таъкидлаш лозимки, Қуйи Чирчиқ туманида 13 минг 400 гектар майдонга буғдой экилган бўлиб, 107 минг 320 тонна ҳосил етиштириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 38 та ўрим отрядлари ташкил қилинган. Ҳар бир отрядга 11 тадан масъул ходим бириктирилган бўлиб, жами ўрим мавсумига 418 та масъул жалб қилинган.
А.Мусаев,ЎзА.