Гаджетлардаги ортиқча маълумотлар табиатга қандай зарар етказади?
Ҳар куни смартфонимизда ўнлаб суратлар оламиз, видеолар кўрамиз, электрон хатлар юборамиз ва турли файлларни сақлаймиз. Бир қарашда, буларнинг атроф-муҳитга ҳеч қандай таъсири йўқдек туюлади. Аммо қурилмаларимиз хотирасида тўпланиб бораётган такрорий фотосуратлар, кераксиз ҳужжатлар ва ўқилмаган электрон хатлар нафақат рақамли маконни банд қилади, балки энергия сарфи ва углерод чиқиндилари билан боғлиқ муаммоларни пайдо қилади. Бу ҳодиса рақамли чиқиндилар деб аталади.
Кўринмас чиқиндилар қаерда тўпланади?
Кўчада чиройли бино ёки девордаги граффитини кўриб қолдингиз, дейлик. Уни эсдалик учун суратга олмоқчисиз. Биринчи суратда ёруғлик яхши тушмади, иккинчисида кадрга бегона одам кириб қолади, учинчисида эса тасвир сиз кутгандек чиқмади. Натижада битта эмас, бир нечта сурат оласиз. Охирида уларнинг фақат биттаси керак бўлади, қолганлари эса смартфонингизда ойлаб, ҳатто йиллаб сақланиб қолади.
Бундай ҳолат кўпчиликка таниш. Вақт ўтиши билан такрорий фотосуратлар, кераксиз видеолар, эски ҳужжатлар ва электрон хатлар қурилмалар хотирасини тўлдиради. Уларнинг ҳар бири кичик файл бўлиб кўринса-да, миллиардлаб фойдаланувчилар тўплаган маълумотлар улкан рақамли маконни эгаллайди.
Рақамли чиқиндилар фақат смартфон ёки компьютер хотирасида сақланадиган файллардан иборат эмас. Интернетдаги фаолиятимиз давомида ҳам турли маълумотлар ҳосил бўлади. Электрон хатлар, ижтимоий тармоқлардаги суратлар, видеолар ва булутли хотирадаги захира нусхалари серверларда сақланиши мумкин.
Интернет ортида улкан инфратузилма мавжуд. Маълумотлар марказларида жойлашган серверлар ахборотни сақлайди, қайта ишлайди ва фойдаланувчиларга етказади. Уларнинг узлуксиз ишлаши учун электр энергияси зарур. Бундан ташқари, серверларни совитиш тизимлари ҳам энергия сарфлайди.
Электр энергиясининг қандай манбалардан олинишига қараб, бу жараён атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун рақамли технологияларнинг экологик таъсири фақат қурилмаларнинг ўзи билан эмас, балки уларни таъминлаб турувчи бутун инфратузилма билан ҳам боғлиқ.
Бироқ ҳар бир кераксиз суратни ўчириш атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид миқдорини аниқ қанча камайтиришини айтиш қийин. Бу файл ҳажми, сақлаш тизими, серверларнинг самарадорлиги ва электр энергияси манбаларига боғлиқ. Шунга қарамай, рақамли хизматлардан оқилона фойдаланиш ресурсларни тежашга қаратилган умумий саъй-ҳаракатларнинг бир қисми бўлиши мумкин.
Рақамли чиқиндиларни камайтириш орқали энергия сарфи ва углерод чиқиндилари билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлишининг олдини олиш учун кундалик рақамли одатларимизни қайта кўриб чиқиш муҳим. Бунинг учун қуйидаги оддий, аммо фойдали тавсияларга амал қилиш мумкин:
Такрорий фотосуратларни ўчиринг
Кераксиз видеоларни сараланг
Электрон почтани тартибга келтиринг
Керакли маълумотларни тизимли сақланг
Маълумот ўрнида, рақамли тозалаш куни илк бор Францияда 2020 йилда, COVID-19 пандемиясининг дастлабки ойларида ўтказилган. Карантин чекловлари туфайли уйда қолишга мажбур бўлган Бутунжаҳон тозалаш куни доимий иштирокчиларининг аксарияти рақамли тозалаш ғоясини ғайрат билан қабул қилишди. Францияда бошланган ушбу тадбир кейинчалик ўнлаб бошқа мамлакатларга ҳам тарқалди. Ҳозирда ушбу кун тадбирлари 170 дан ортиқ мамлакатда ўтказилади.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА,
ЎзА