“Фьючерс” турнири юқори савияда ўтди
Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” теннис марказида 12-20 октябрь кунлари Халқаро теннис федерацияси (ITF) мусобақалари туркумига кирувчи, мукофот жамғармаси 15 минг долларга тенг “Фьючерс” турнири бўлиб ўтди.
Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” теннис марказида 12-20 октябрь кунлари Халқаро теннис федерацияси (ITF) мусобақалари туркумига кирувчи, мукофот жамғармаси 15 минг долларга тенг “Фьючерс” турнири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Теннис федерацияси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган турнирда Ўзбекистон, Беларусь, Грузия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина, АҚШ каби давлатларнинг 60 нафар ракетка устаси иштирок этди.
Мусобақада дастлаб 28 нафар теннисчи ўртасида саралаш баҳслари бўлиб ўтди. Унда яхши натижа кўрсатган 8 нафар спортчи рейтинг кўрсаткичи юқори бўлган 24 ракеткачи сафида асосий тўр беллашувларига бериладиган йўлланмани қўлга киритди. Мамлакатимизнинг ўн нафар вакили ҳам улар қаторидан ўрин олди.
Ғолиблик учун баҳслар муросасизлиги билан ажралиб турди. Яккалик баҳсларидан бир кун илгари якунланган жуфтлик мусобақаларида мамлакатимиз вакили Санжар Файзиев ва қозоғистонлик Тимур Хабибулин “иккилиги” мухлислар эътиборини қозонди. Улар финалгача бўлган барча баҳсларда рақибларидан устун келди. Афсуски, мазкур жуфтлик ҳал қилувчи мусобақада Максим Ратнюк – Михаил Фурюгин (Россия) жуфтлигига ютқазиб, иккинчи ўрин билан чекланишди.
Яккалик баҳслари финалида эса турнирнинг кучлилари сафида, яъни тегишли равишда 3- ва 7-рақамли теннисчилари сифатида қайд этилган россиялик Шальва Жанашиа ва Максим Ратнюк кортга чиқди.
Учрашувнинг биринчи сетида Шальва 6:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Кейинги сет ҳам унинг фаоллиги билан бошланди. Аммо вазият ўзгарди. Устунлик гоҳ у, гоҳ бу томонга ўтди. Ярим финалда елкаси ва оёғида юзага келган муаммолар Шальвага яна ўз таъсирини ўтказиши оқибатида хатоларга йўл қўя бошлади. Бу Максимга анча қўл келди. Лекин ўзида куч тўплай олган тажрибалироқ Шальва тайбрекда 7:6 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа, у турнирнинг бош совринини қўлга киритди.
– Икки соатдан зиёд давом этган финал учрашуви жуда қийин кечди, – дейди Шальва Жанашиа. – Мусобақада кучли иродали ўйин кўрсатган рақибимга қойилман. У ғолиблик учун астойдил курашди. Лекин омад менга кулиб боқди. Мен теннис спортига катта эътибор берилаётган Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида ўтказилган турнирларда иштирок этганман. Бу гал анчадан буён орзу қилганим – қадимий Бухорога келдим. Мусобақа қатнашчиларининг дам олишлари учун яратилган имкониятлар туфайли қадимий шаҳарнинг бетакрор меъморий ёдгорликларини томоша қилдим. Бунақа мўъжизаларни ҳамма ерда ҳам кўравермайсиз.