ФВВ ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган бозорлардаги текширувлар юзасидан муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда бозорлардаги текширувлар ва уларнинг фаолияти тўхтатилиши билан боғлиқ хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий муносабат билдирди. Қайд этилишича, вазирлик томонидан ёнғин хавфсизлиги ва бошқа турдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари доимий ва тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.
"Бешқўрғон" бозорида юз берган ёнғиндан сўнг назорат чораларининг кучайтирилиши текширувларнинг энди бошланганини эмас, балки амалдаги профилактика ишларининг янада қатъийлашганини англатади.
Хусусан, яқинда Тошкент шаҳридаги 4 та бозорда ўтказилган ўрганишлар давомида ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилгани аниқланган. Шу сабабли, ушбу объектларнинг айрим бино ва блоклари фаолияти аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар тегишли ҳужжатлар асосида вақтинча тўхтатиб қўйилди.
Вазирлик хабарига кўра, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан ўтказиладиган бу каби тадбирлар тадбиркорлик субъектларида содир бўлиши мумкин бўлган фожиалар, катта миқдордаги моддий зарар ва инсон талафотлари хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, объект раҳбарлари ёнғин хавфсизлиги учун бевосита масъул бўлиб, ушбу вазифаларни бажармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шу муносабат билан, жамоатчиликдан турли хабарларга танқидий ёндашиш ва фақат расмий манбаларга таяниш сўралади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА